Бугунги кунда давлат мулки объектларини балансда сақловчилар томонидан уларни ижарага бериш тартибини бузиш ҳолатлари мавжуд. Жумладан, ижара шартномасини тузмасдан ижарага бериш, ижарага берилган мулкнинг параметрлари ва сонини камайтириш, ижара тўловини яшириш каби ҳолатлар юзага келмоқда. Шундан келиб чиқиб, давлат мулкини ижарага бериш тартибига риоя қилмаганлик, бўш турган давлат мулкидан самарали фойдаланиш чораларини кўрмаганлик, давлат мулкини ижарага олган тадбиркорлик субъектлари ва бошқа шахсларнинг ҳуқуқларини бузганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланмоқда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида муҳокама қилинган “Давлат мулкини ижарага бериш соҳасидаги қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳасида айни масалалар назарда тутилмоқда.

Депутатларнинг таъкидлашича, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши давлат мулкидан самарали фойдаланилишини таъминлашга, ижарага олувчи шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатлари ишончли ҳимоя қилинишига хизмат қилади.

Қизғин муҳокамалардан сўнг қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинди.

 

М.Комилова, ЎзА