Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасининг фаолиятини янада такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилди.

— Мамлакатимизда рақобатни ривожлантириш ва монополияларга қарши курашиш, истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлаш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. — деди депутат Бекмирза Эшмирзаев. — Мазкур қонун лойиҳаси билан “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги қонунга Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасининг номини аниқлаштириш, давлат ёрдами берилишига тааллуқли лойиҳаларни ушбу қўмита билан келишиш назарда тутилмоқда.

Шунингдек, “Рақобат тўғрисида”ги қонунга ўзгартириш киритилиб, унга мувофиқ хўжалик юритувчи субъект қайси фаолият турига асосан табиий монополия субъектлари жумласига киритилса, ўша фаолият тури унинг асосий фаолият тури ҳисобланиши белгиланмоқда. Бундан ташқари, жазолар тизимини либераллаштириш мақсадида иқтисодий жиҳатдан паст таъсир даражасига эга бўлган ҳоллар бўйича биринчи марта рақобат соҳасида ҳуқуқбузарлик содир этган тадбиркорлик субъектларига нисбатан молиявий санкциялар тарзидаги жавобгарлик чораларини қўлламаслик кўзда тутилмоқда, — деди маърузачи.

Шунингдек, депутат қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш давомидаги ўзгаришлар ҳақида ҳам батафсил маълумот бериб ўтди.

Моддама-модда муҳокамаларда сўз олган депутатлар айрим нормалар бўйича аниқлаштирувчи саволларни ўртага ташладилар. Масъуллар томонидан тегишли жавоблар қайтарилди. Шунингдек, иқтисодий таъсири паст субъектларни баҳолаш, иқтисодий санкцияларни қўллаш билан боғлиқ нормалар қизғин баҳс-мунозараларга сабаб бўлди. Турли фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши товар ва молия бозорларида соғлом рақобат муҳитини таъминлашга, иқтисодий жиҳатдан паст таъсир даражасига эга бўлган ҳоллар бўйича рақобат тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун хўжалик юритувчи субъектга молиявий санкцияларни қўллашда адолатлилик принципига риоя этилишига хизмат қилиши алоҳида таъкидланди.

Қизғин баҳс-мунозаралардан сўнг қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинди.

 

Муҳтарама Комилова,  

ЎзА