Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасида Ўзбекистонга автобензин олиб кирувчи тадбиркорлар билан очиқ мулоқот ўтказилди.

Очиқ мулоқотда соҳадаги мавжуд тизимли муаммолар ва импорт имкониятларини ошириш бўйича аниқ таклифларни ишлаб чиқиш масалалари муҳокама қилинди.

Тадбиркорлар еттита асосий муаммони айтиб ўтди. Банклар томонидан бензин импорт қилувчилар учун ажратилаётган кредит юкламасининг юқорилиги ва импорт қилинадиган ёнилғи учун қўшилган қиймат солиғини тўлаш муддатининг қисқалиги шулар жумласидан. Улар, шунингдек, темир йўл логистикасининг қимматлигини ҳам таъкидлашди. Хусусан, Россиядан Келес чегарасигача бўлган масофада (1700 км) бир тоннаси учун 150 доллар бўлган бир пайтда, ички темир йўл орқали ташиш хизмати 8 − 10 км учун 15−20 долларни ташкил этади.  Россия томонидан бензин маҳсулоти барча стандартларга тўғри келиши ва сифати талабга жавоб бериши юзасидан ҳужжатлар борлигига қарамай, республикага олиб кирганда қўшимча мажбурий сертификатлашдан ўтказилади.

Бундан ташқари, баъзида хорижий давлатларга пул маблағлари ўтказиб берилганда ушбу маблағлар геосиёсий вазиятлардан келиб чиқиб тақиқларга тушиб қолади ва оқибатда маҳсулот ўз вақтида етиб келмаслиги кузатилади. Айни шу даврда маҳсулот реализация қилинмайди, бироқ маблағлар ўтказилгани учун солиққа тортилиши ҳолатлари кузатилади.

Шунингдек, импортёрлар катта ҳажмларда бензин маҳсулотини олиб кирганда уларни сақлаш учун сиғимлар мавжуд эмаслиги ҳамда мавжуд бўлган сиғимлар ижараси қимматлигини қўшимча қилди.

Импорт тадбиркорлар Туркманистон давлатидан бензин маҳсулотини харид қилиш жараёни жуда кўп вақтни талаб қилиши, натижада айланма пул маблағлари музлаб қолишини қайд этди.

Маълумот ўрнида айтиш жоиз,  2023 йилда Ўзбекистонда 1,33 миллион тонна автомобиль бензини ишлаб чиқарилган, бу 2022 йилга нисбатан 6 фоизга ёки 75,4 минг тоннага кўпдир.

 Ш.Маматуропова,ЎзА