Мамлакатимизда стандартлаштириш соҳасини ислоҳ қилиш ва соҳага замонавий ёндашувларни жорий қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Хусусан, сўнгги йилларда 12 мингта стандарт қабул қилинди, 400 турдаги маҳсулотларни синовдан ўтказиш йўлга қўйилди. Натижада 40 та янги экспорт бозорига чиқилди. Бунинг натижасида сўнги 7 йилда Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси 2,5 баробарга ошиб, 63 миллиард долларга етди. Бу йил ҳам экспортни 1,5 баробарга кўпайтириб, 25 миллиард долларга етказиш режалаштирилган. Шунингдек, истиқболда Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш мақсад қилинган.

Шу боис, амалдаги техник тартибга солиш тизимини янада такомиллаштириш, унинг экспортга кўмаклашиш ва ички бозорни сифатсиз товарлардан ҳимоя қилишдаги иштирокини мустаҳкамлаш долзарб аҳамиятга эга. Бундан ташқари, Миллий сертификатлар чет элда тан олиниши учун тизимли ишлаш, Миллий эталонлар базасини тўлдириш орқали хорижда мамлакатимиз лабораторияларининг синов натижаларига ишончни ошириш, ҳозирги кунда энг зарур бўлган техник регламентларнинг мавжудларини халқаро талабларга мослаштириш ва янгиларини ишлаб чиқиш зарур.

Жорий йил 27 февралда Президентнинг “Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги давлат бошқарувини янада такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ҳамда шу йилнинг 28 февралда “Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигининг фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори имзоланди.

– Мазкур ҳужжатлар техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги фаолияти комплекс таҳлил қилиниб, соҳада аниқланган тизимли муаммоларни ҳал этишга қаратилган, – дейди Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги матбуот хизмати раҳбари Абдурауф Расулов. – Шунингдек, техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигини рақамли трансформация қилиш орқали, бошқарувнинг шаффоф, самарали ва “коррупциядан ҳоли” тизимини жорий қилишга эътибор қаратилган. Қолаверса, маҳаллий маҳсулотлар экспортини қўллаб-қувватлаш мақсадида Европа иттифоқидаги 310 турдаги маҳсулотга белгиланган талабларни ўрганиш ҳамда потенциал экспортёрларга етказиш орқали экспорт қилинаётган маҳсулотлар турини 390 тадан 700 тага етказишга кўмаклашилади. Ҳудудлардаги 1 200 та корхонага халқаро даражада тан олинган сифатни бошқариш тизимларини жорий қилиш орқали бу турдаги корхоналар сони 14,3 мингтага етказилади. Халқаро ва Европа иттифоқининг республикада аввал амалда бўлмаган ва экспорт маҳсулотларига тааллуқли бўлган 1 минг 700 та янги стандартни давлат тилида қабул қилиш ва корхоналарга етказиш кўзда тутилган.

Номувофиқ маҳсулотларни савдодан олиш, йўқ қилиш, белгиланган талабларга жавоб бермайдиган маҳсулотни муомаладан чиқариш талаби бажарилмаган ҳолларда юридик шахсларга реализация қилинган маҳсулот қийматининг 100 фоизи миқдорида молиявий жарима қўлланилади. Сертификатлаш жараёнини тўлиқ онлайн назорат қилиш ва электрон маъмурий баённома расмийлаштириш кўзда тутилган. Бундан ташқари, Жаҳон савдо ташкилотига аъзоликни таъминлашда 20 мингта миллий стандартларни Жаҳон савдо ташкилоти қоидалари ва талабларига мувофиқлиги, шунингдек уларнинг Ўзбекистон иқтисодиёти учун мақбуллиги бўйича қайта кўриб чиқиш белгиланган. Халқаро қонунлаштирувчи метрология ташкилоти ҳужжатлари асосида 112 та метрологик меъёр ва қоидаларни қабул қилади. 2024 йилда Ахборот маркази ташкил этилиши ва Жаҳон савдо ташкилотига аъзо давлатлар ўртасида савдодаги техник тўсиқларга оид маълумотлар алмашишни йўлга қўйиш, хавфли маҳсулотларни божхона ҳудудига келгунга қадар рўйхатга олиш ва хавфи паст маҳсулотларни декларациялаш тартибини жорий этиш белгиланган.

Бундан ташқари 2025 йил 1 январдан “Техник тартибга солиш” давлат ахборот тизимини яратиш ва мавжуд 6 та ахборот тизимини ягона платформага бирлаштириш каби вазифалар белгиланган.

Шунингдек, фармон ва қарор билан тизимдаги кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича мутахассисларни Ўзбекистон стандартлар институтида малакасини ошириш ва аттестациядан ўтказиш тартиби тасдиқланиб, унинг даврийлиги 3 йил этиб белгиланмоқда.

Бир сўз билан айтганда, ушбу ҳужжатлар Агентлик фаолиятида халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатлар билан миллий мувофиқликни баҳолаш, синов ҳамда ўлчаш натижаларини экспорт бозорларида тан олиниши, маҳаллий маҳсулотларни ишлаб чиқаришда халқаро стандартлар ва техник регламентларни жорий этиш орқали уларнинг замонавий талабларга мувофиқлигини таъминлаш, сифатни бошқаришнинг замонавий тизимларини, биринчи навбатда, экспорт қилувчи корхоналарда кенг жорий этиш имкониятларини яратиши билан ҳамиятлидир.

Шаҳноза Маматуропова, ЎзА