Суд тизимида ишлаш учун кадрларга қандай талаблар қўйилади ва уларни ишга қабул қилиш тартиби қандай? Бу саволларга Олий суд кадрлар бошқармаси бошлиғи Музаффар Муҳиддинов жавоб берди:

– Суд тизимига оид назария ва амалиётни чуқур ўзлаштирган, иш услуби ва касб талабларини яхши тушуниб етган олий маълумотли кадрлар ишга жалб қилинмоқда. 2023 йил октябрь ойида Олий суд ҳузурида “Бўлажак суд ходимлари” клуби ташкил этилгани бу жараёнда муҳим ўрин тутмоқда.

Мазкур клубнинг ташкил этилиши суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш, одил судловни самарали таъминлаш ҳамда судьялар ҳамжамияти ролини ошириш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирларнинг мантиқий давомидир.

Таъкидлаш керакки, суд ҳокимияти зиммасидаги масъулиятли вазифаларни фақат юқори малакали, чуқур билим ва кўникмаларга эга кадрларгина амалга ошира олади. Шу боис, суд аппарати ходимларининг жамиятда ижтимоий мавқеини ва обрў-эътиборини ошириш ҳамда меритократия (касбга оид сифатлари ва алоҳида хизматларини одилона ва объектив баҳолаш асосида энг муносиб ва қобилиятли шахсларни танлаб олиш)тамойили асосида юқори малакали кадрлар корпусини шакллантириш Олий суд раҳбарияти олдида турган долзарб масаладир.

Зеро, ишдаги сифат ва натижа, энг аввало, фаолият юритаётган кадрларга бевосита боғлиқ. Албатта, жамоаларда ишчанлик муҳитини яратиш билан бир қаторда биз учун ходимларимизнинг дунёқараши, маънавияти, касбий одоб-ахлоқи ҳам муҳим аҳамият касб этади. Бу борада суд органлари “устоз-шогирд” анъаналарига қатъий амал қилиб келмоқда.

Олий суд раҳбарияти судлардаги инсон капиталини ривожлантиришни соҳа учун мутахассисларни тайёрловчи олий таълим ташкилотларидан бошлаш зарур, деган қатъий позицияга эга.

Бу йўналишдаги асосий мақсад олий таълим ташкилотларининг “юриспруденция” таълим йўналишида таҳсил олаётган талабаларни суд органлари фаолияти ва судьялик касбига оид қонунчиликда белгиланган талаблар билан таништириш, назарий билимлардан келиб чиққан ҳолда қонунни амалда қўллаш кўникмаларини шакллантириш ва мустаҳкамлашдир.

Шу билан бирга, назария ва амалиётнинг узвийлигини таъминлаш, талабаларни касбий фаолиятга мос равишда виждонли, ҳалол, очиқ кўнгил, фидойи ҳамда муносиб мутахассис сифатида тарбиялашдир. Бунга эришишимизда эса “Бўлажак суд ходимлари клуби” бизга яқиндан ёрдам бермоқда.

Суд тизимида амалга оширилаётган очиқ кадрлар сиёсати, бўш иш ўринлари ҳамда судларда яратилган шарт-шароитлар бевосита талабалар, яъни судлардаги иш ўринларининг потенциал талабгорлари билан бўлиб ўтаётган учрашувлар орқали етказилмоқда.

Бундай ёндашув судлардаги кадрлар сиёсатини тубдан ўзгартирди. Суд органларида кадрлар билан ишлаш жараёнига хедхантинг (давлат органлари ва ташкилотларида ҳамда хусусий секторда муваффақиятли фаолият юритаётган малакали мутахассисларни ишга жалб қилиш), рекрутинг (юқори малакали ва амалий тажрибага эга мутахассисларни қидириш, танлаш ҳамда ишга фаол жалб қилиш жараёни) каби замонавий HR-менежмент элементлари кириб келмоқда.

Суд органлари вакиллари талабалар билан учрашувлардан тортиб, иш берувчилар учун ташкил этилаётган “Карьера кунлари”гача фаол иштирок этмоқда. Бундай ҳамкорлик нафақат кадрларни тайёрлаш, балки илмий тадқиқотлар ва изланишлар учун ҳам янгича муҳитни яратмоқда.

Бу йўналишда Тошкент давлат юридик университети, Самарқанд, Наманган, Термиз давлат университетлари билан юридик кадрларни тайёрлаш соҳасидаги ўзаро ҳамкорлик тўғрисида меморандумлар имзоланди. Ушбу олий таълим ташкилотларининг ҳар бири билан “юриспруденция” таълим йўналиши талабаларининг 2-курсдан бошлаб магистратура босқичигача узлуксиз равишда суд органларида амалиётларини ташкил этиш юзасидан қўшма қарорлар имзоланди. Бундан ташқари, ахборот технологиялари соҳасида кадрларни тайёрловчи “Alfraganus university” нодавлат олий таълим ташкилоти билан ҳам ҳамкорлик ўрнатилди.

Олий суд кадрлар бошқармаси ёшлар ўртасида ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни тарғиб этиш йўналишида ҳам фаол иш олиб бормоқда. Ёшлар ишлари агентлиги ва бошқа вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган юртдошларимиз ўртасида “Ёшлар ва қонун” ҳуқуқий танлови ўтказиб келинмоқда. Бунда, ёшлар танлов шартларини бажариш учун ҳудудлардаги очиқ суд жараёнларида қатнашиб, тажрибали судьялардан ҳуқуқий-амалий маслаҳатлар олиш орқали ўз билимларини бойитишга муваффақ бўлмоқда.

Бу, ўз навбатида, ёшларимизнинг ҳуқуқий онги ошиши билан бирга, уларда суд ҳокимиятига бўлган ишонч ва келажакда шу соҳада меҳнат қилишга бўлган қизиқишни орттирмоқда.

Давлатимиз раҳбари томонидан тизим олдига қўйилаётган улкан вазифаларни амалга оширишда судларга билимли ва шижоатли ёшларни олиб кириш орқали кадрлар сиёсатини янада такомиллаштириш, уларнинг самарали меҳнат қилиши учун зарур шароитларни яратиш учун барча имконият ишга солинмоқда.

Н.Абдураимова, ЎзА