Ўзбекистон туризм индустрияси жадал ривожланиши учун қисқа муддатда энг қулай шарт-шароит, иқтисодий, маъмурий ва ҳуқуқий муҳит яратиш асосий вазифа ҳисобланади. Бунда, айниқса интерьерида миллий қадриятлар ўз аксини топган меҳмонхоналар, хостел ва оилавий меҳмон уйларини кўпайтириш долзарбдир. Бугунги кунда тадбиркорлар ва инвесторлар томонидан жойлаштириш воситаларини ташкил этиш бўйича йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Статистикага назар соладиган бўлсак, ҳозирга қадар 42 минг 456 та номер, 86 минг 172 та жойга эга 1 минг 403 та мувофиқлик сертификати мавжуд жойлаштириш воситалари ташкил қилинган. Шулардан 1 минг 89 таси меҳмонхона, 85 та дам олиш зонаси ва 229 та бошқа турдаги жойлаштириш воситасидир. Бундан ташқари 4 минг 979 та хона, 10 минг 185 та жойга эга 87 та сертификатланган санаторий мавжуд.

Пойтахтимизда “Hotel Business-2024” форуми ташкил этилди. Унда қайд этилишича, давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 5 январдаги “Туризм тармоғини жадал ривожлантиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан 28 та меҳмонхонага тоифа олгани учун субсидиялар ажратилган. Шулардан 7 таси 4 юлдузли, 21 таси 3 юлдузли меҳмонхонадир. Тоифага эга меҳмонхоналарнинг асосий қисми ҳукумат томонидан инвесторларга янги меҳмонхона қуриш ва уни жиҳозлаш учун субсидия ажратилиши натижасида ташкил қилинган.

Таниқли хорижий брендларни олиб киришга ҳам эътибор қаратилмоқда. Бугунги кунда республикамизда 12 та хорижий брендга эга меҳмонхона фаолият юритмоқда.

Мавжуд қонунчиликка асосан 3 юлдузли тоифа учун 60 та хонадан кам бўлмаган, 4 ва 5 юлдузли тоифа учун 120 та хонадан кам бўлмаган, беш қаватдан паст бўлмаган меҳмонхоналар 2026 йил 31 декабрга қадар фойдаланишга топширилган тақдирда меҳмонхона тоифаси тасдиқлангач, инвесторларнинг янги меҳмонхонани қуриш ва жиҳозлаш учун кетган харажатларининг бир қисми Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қоплаб берилади. Бунда 3 юлдузли тоифага эга меҳмонхоналардаги ҳар бир хона учун 40 миллион сўм, 4 ва 5 юлдузли тоифага эга меҳмонхоналардаги ҳар бир хона учун 65 миллион сўмдан ажратилади.

Шу билан бирга, 2026 йил 31 декабрга қадар дунёнинг таниқли ва нуфузли меҳмонхона брендларидан фойдаланувчи Ўзбекистон Республикаси резидентлари бўлган ташкилотларнинг роялти харажатлари франчайзинг тўғрисидаги шартнома кучга кирган вақтдан бошлаб, уч йил мобайнида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қисман молиялаштирилади. Албатта, янги жойлаштириш воситаларини ташкил қилишнинг ўзи етарли эмас. Ходимлар малакаси, уларда кўрсатиладиган хизматлар ҳам ўта муҳим жиҳат саналади.

Асосий эътиборни меҳмонхоналарда халқаро миқёсда хизмат кўрсатишни ташкил қилиш, яшил технологияларни ҳамда ахборот технологияларини жорий қилишга қаратиш мақсадга мувофиқ.

Форумда “Меҳмондўстлик секторини ривожлантиришда яшил иқтисодиёт: жаҳон тажрибаси” мавзусига алоҳида эътибор қаратилди. Бундан ташқари, халқаро экспертлар меҳмонхона бизнесини экологик жиҳатдан барқарор ривожлантириш соҳасидаги илғор тажриба ва мисолларни тақдим этди.

Муҳайё Тошқораева, ЎзА