Тошкентда бўлиб ўтаётган “Ўзбекистон ва Хитой: икки халқ фаровонлиги йўлида ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш” мавзусидаги халқаро конференциянинг “Ҳар томонлама кенг қамровли стратегик шериклик: Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги муносабатларнинг янги босқичи” деб номланган сессиясида икки мамлакат экспертлари ўзаро муносабатлар тараққиёти учун муҳим саналган омилларга эътибор қаратишмоқда.

Э. Арипов, Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори:

– Ҳар қандай шароитда стратегик шериклик тўғрисидаги шартнома имзоланиши мамлакатларимиз ўртасида ўрнатилган ишончли ва барқарор муносабат, тўпланган меъёрий-ҳуқуқий базани ҳисобга олган ҳолда, жуда мантиқий қарордир.

Хитой 800 мингдан зиёд одамни қашшоқликдан олиб чиқиб, ижтимоий-иқтисодий ривожланишда ажойиб ютуқларга эришди. ХХРнинг аҳоли фаровонлигини ошириш сиёсати, тажрибасини ўрганиш ва амалга ошириш Ўзбекистон учун жуда муҳим.

Бизда электромобил соҳасидаги ҳамкорликка жиддий қизиқиш бор. Мамлакатимизда сўнгги йилларда электромобиллар савдоси кўлами 10 баробар кенгайди. Шу нуқтаи назардан Жиззах вилоятида электромобил ишлаб чиқарувчи завод очиш бўйича келишув алоҳида аҳамиятга эга.

Умуман, Ўзбекистон Президентининг Хитойга ташрифи якунлари давлатлараро ҳамкорликнинг ўзига хос, янги шакли пайдо бўлганидан далолат.

Сун Чуанжи, Хитой Ижтимоий фанлар академияси ҳузуридаги Россия, Шарқий Европа ва Марказий Осиё институти директори:

– Мураккаб халқаро вазиятда Хитой – Ўзбекистон алоқалари доимий равишда кенгайиб, давлатлараро муносабатнинг янги, ўзига хос шаклдаги намунасига айланиб бормоқда.

Бу жараёнда бир-бирининг йирик дипломатик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, хавфсизлик бўйича ҳамкорликни мустаҳкамлаш, Марказий Осиёда барқарорликни сақлаш ҳамда Афғонистоннинг тинч йўл билан қайта тикланишига кўмаклашиш йўлида фаол ўзаро саъй-ҳаракатлар жуда зарур.

Транспорт йўлакларини кенгайтириш лойиҳаларини биргаликда илгари суриш, икки далат ўртасида транспорт коммуникацияси соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш нафақат Ўзбекистоннинг стратегик мавқеини мустаҳкамлайди, балки Ипак йўли руҳини мужассамлаштириб, геосиёсий афзалликдан имкон даражасида фойдаланиш имконини беради, минтақанинг янада кенг ривожланиши ва интеграциялашувига салмоқли ҳисса қўшади.

Ғ.Хонназаров тайёрлади.

Р.Назарматов (сурат), ЎзА