2024 йил 19 февралда “Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун кучга кирди.

Қонунда нималар назарда тутилган? Бу ҳақда Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси Наримон Умаров қуйидагиларни сўзлаб берди:

– Янги таҳрирдаги Конституция – Янги Ўзбекистонни барпо этишнинг конституциявий асосларини янада мустаҳкамлади. Айни пайтда янгиланган қомусимизга барча қонун ҳужжатлари мослаштирилмоқда. Мазкур қонун ҳам шулар жумласидандир.

Қонун билан 14 қонун ва 1 кодексга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Сенатнинг ваколатлари янги таҳрирдаги Конституцияга мувофиқлаштирилди.

Яъни, Сенат эндиликда маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органларига ўз фаолиятини амалга оширишда кўмаклашади. Қонунчилик палатаси тарқатиб юборилган даврда Олий Мажлиснинг қонунларни қабул қилишга доир ваколатларини бажаради. Қонунни у Сенатга келиб тушган кундан эътиборан 60 кун ичида кўриб чиқади. Судьялар олий кенгашини шакллантиради. Коррупцияга қарши курашиш ва монополияга қарши курашиш бўйича тегишли давлат органларининг раҳбарларига тааллуқли масалаларни кўриб чиқади.

Сенат келгуси сафар шакллантирилганда, унинг аъзолари жами 100 нафардан 65 нафарга қисқартирилади. Бунда, ҳар бир маъмурий-ҳудудий бирликдан 4 нафардан сайланиши, 9 нафари Президент томонидан тайинланиши белгиланди.

Сенатнинг прокуратура органлари фаолияти устидан назорат қилувчи комиссияси тугатилди.

Сенатнинг айрим ваколатлари бекор қилиниб, улар Қонунчилик палатасининг мутлақ ваколатлари сифатида белгиланди. Булар – Давлат бюджетининг ижро этилиши устидан назоратни амалга ошириш ва Ҳисоб палатасининг ҳисоботини кўриб чиқиш, Президентнинг тақдимига биноан Бош вазир номзодини кўриб чиқиш ва маъқуллаш, Бош вазир, Ҳукумат аъзоларининг ҳисоботларини ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг ҳар йилги маърузасини эшитиш.

Қонунчилик палатаси ва Сенатнинг ўзини ўзи тарқатиб юбориш ваколати қонунчиликка киритилди. Бундай ҳолатда Қонунчилик палатасига янги сайлов 2 ой мобайнида ўтказилади, Сенатнинг янги таркиби эса 1 ой мобайнида шакллантирилади.

Хўжалик бошқаруви органларига палаталар томонидан парламент сўрови ҳамда депутат ва сенатор сўровларини юбориш, шунингдек, уларнинг ахборотини эшитиш ваколатлари бекор қилинди. Хўжалик бошқаруви органи фаолиятига оид сўровлар эндиликда ҳукуматга ёки тегишли давлат органига юборилади.

Парламент текширувини ўтказиш учун асослар янги таҳрирдаги Конституция қоидаларига мувофиқлаштирилди. Эндиликда Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенат аъзолари орасидан тенглик асосида тузиладиган биргаликдаги махсус комиссияси томонидан ўтказилиши белгиланди.

Депутат ва доимий ишлайдиган сенаторларнинг ўз ваколатлари даврида илмий ва педагогик фаолият билан бир қаторда ижодий фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқи мустаҳкамланди.

Ҳисоб палатаси раиси Сенат маъқуллаганидан кейин лавозимга тайинланиши, шунингдек, палатанинг Президент ва Қонунчилик палатасига ҳисобдорлиги белгиланди.

Бош прокурор Сенат томонидан номзоди маъқулланганидан сўнг Президент томонидан лавозимга тайинланади. 2 муддатдан ортиқ бир шахс мазкур лавозимда бўлиши мумкин эмаслиги қонун билан мустаҳкамланди.

Давлат хавфсизлик хизмати раиси лавозимига номзод Сенат билан ўтказилган маслаҳатлашувлардан кейин Президент томонидан тайинланади.

Қонуннинг Сенат аъзолари сони ва қўмиталар номини ҳамда Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосарлари сони ва мақомини белгиловчи қоидалари 2024 йилда навбатдаги чақириқдаги Олий Мажлис палаталари иши бошланганидан амалга киритилади.

Норгул Абдураимова, ЎзА