“Яшил иқтисодиёт” – бу бутун дунё талпинаётган нажот йўлидир. Чунки экология билан боғлиқ муаммоларнинг кескинлашуви инсониятни шунга мажбур қилмоқда.

2024 йил 7 февралда “Қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш янада ривожлантирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун кучга киргани бунга кенг йўл очади.

ЎзА мухбири юртимизда “яшил иқтисодиёт”га ўтиш бўйича қилинаётган ишлар, бу борада янги қонуннинг қандай аҳамият касб этиши ҳақида Сенатнинг Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари ва экология қўмитаси раиси Борий Алихонов билан суҳбатлашди. 

– Самарадорлиги паст ва харажатлари юқори бўлган, атроф-муҳитга салбий таъсир кўрсатиб, кўп ресурс талаб этадиган иқтисодиётнинг эски моделини енгиб, “яшил тараққиёт”га ўтиш ҳозирги даврнинг энг долзарб вазифаларидан биридир. Дунёнинг ривожланган мамлакатлари ҳам “яшил иқтисодиёт” моделига ўтиш йўлида ўз сиёсатларини тубдан қайта кўриб чиқмоқда.

Зеро, янги глобал яшил ривожланиш – тараққиётнинг мақбул йўлларидан бири бўлиб, у жаҳон иқтисодиёти ва молиявий тизимининг барқарорлигини таъминлайди.

Лўнда қилиб айтганда “яшил иқтисодиёт – бу қайта тикланувчи, ресурс тежамкор, чиқитсиз ва кам чиқитли технологиялар кенг қўлланиладиган, иссиқхона газлари паст даражада чиқариладиган, атроф-муҳит учун хавф аҳамиятли даражада камайтирилган, табиий ресурслардан самарали фойдаланишга асосланган иқтисодиётдир.

– Мамлакатимизда “яшил иқтисодиёт”га ўтиш учун қандай ишлар амалга оширилмоқда? 

– Республикамизнинг “яшил иқтисодиёт”га ўтиши ва барқарор ривожланиш мақсадларига самарали эришиш жараёнини тезлаштиришга қаратилган масалалар доимий кун тартибида. Шу мақсадда иқлим ўзгаришига қарши курашиш устувор вазифалардан бири экани белгиланган.

Энергия барқарорлигини таъминлаш, қайта тикланувчи энергия манбаларини ва энергия тежовчи технологияларни жорий этиш, соҳани давлат томонидан қўллаб-қувватлаш механизмларини такомиллаштириш борасида изчил ислоҳотлар амалга оширилди.

Бундан кўзланган асосий мақсад аҳолини узлуксиз энергия билан таъминлаш, энергетик хавфсизликка эришиш, яшил иқтисодиётни ривожлантириш орқали янги иш ўринларини ташкил этишдир.

Ўзбекистон энергетика секторининг “яшил иқтисодиёт”га ўтиши жараёнида қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш муҳим роль ўйнайди. Боз устига, углеводород энергияси манбалари ресурсларининг чегаралангани, уларнинг ҳажми камайиши муқобил энергетикани ривожлантириш чораларини кўришни талаб этмоқда.

– Ўзбекистонда қайта тикланувчи энергия манбаларининг умумий салоҳияти қандай? 

– Эксперт хулосаларига кўра, Ўзбекистонда қайта тикланувчи энергия манбаларининг умумий салоҳияти 51 миллиард тонна нефть эквивалентига тенг бўлиб, техник имкониятлари эса 179 миллион тонна нефть эквивалентини ташкил этади.

Ушбу кўрсаткич мамлакат бўйича йилига истеъмол қилинадиган энергия ҳажмидан қарийб 2,5 баробарга кўп. Шунингдек, қайта тикланувчи энергиядан фойдаланиш 447 миллион тонна углерод оксиди, олтингугурт бирикмалари, азот оксидлари ва бошқа ифлослантирувчи моддаларнинг ҳамда парник газларнинг атмосфера ҳавосига ташланишининг олдини олади.

Қайта тикланувчи энергия манбаларининг электр энергиясини ишлаб чиқариш умумий ҳажмидаги улуши қарийб 10 фоиздан зиёдни ташкил этмоқда. Бу борада Ўзбекистон 2030 йилга қадар қайта тикланувчи энергия манбалари қувватини 27 гигаваттга етказиб, электр энергияси ишлаб чиқариш умумий ҳажмининг камида 40 фоизига олиб  чиқишни мақсад қилиб олди.

Бу ҳар йили 25 миллиард куб метр табиий газни иқтисод қилиш, атмосферага зарарли ташланмаларни 34 миллион тоннага қисқартиришга хизмат қилади.

Тармоқда хусусий сектор ва етакчи хорижий компаниялар фаолиятига қулай шароитлар яратилиши натижасида улар иштирокида мамлакатимизда  қайта тикланувчи энергетика салоҳиятини кенгайтиришга қаратилган кўплаб лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилмоқда.

2023 йил 27 декабрда Президентимиз Шавкат Мирзиёев олтита ҳудудда 5 та қуёш ва 1 та шамол электр станцияларини ишга туширишга бағишланган тантанали маросимда иштирок этди.

Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, Ўзбекистонда энергетика тизимини ислоҳ қилиш ва барқарорлигини ошириш бўйича кенг кўламли дастур амалга оширилмоқда.

Хусусан, илк бор 100 фоиз тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳисобидан, давлат-хусусий шериклик асосида Кармана ва Нуробод туманларида умумий қуввати 200 мегаваттлик қуёш станциялари барпо этилиб, ўтган даврда улар 1 миллиард киловатт соат “яшил” электр энергиясини ишлаб чиқарди.

БААнинг “Masdar” компанияси томонидан Жиззах, Самарқанд ва Сурхондарё вилоятларида умумий қуввати 900 мегаватт бўлган учта замонавий фотоэлектр станциясини барпо этиш лойиҳаси якунланди. Шунингдек, Навоий вилояти Томди туманида 500 мегаваттлик шамол электр станциясининг биринчи босқичи қуриб битказилди.

Хитойнинг “China Gezhouba Group” компанияси томонидан Бухоро ва Қашқадарёда умумий қуввати 1000 мегаваттлик қуёш станцияларининг биринчи босқичи қурилиши якунланди.

Бу улкан ишлар энергетика тармоғидаги ислоҳотларнинг навбатдаги қадамидир. Бу чора-тадбирларни тизимли давом эттириб, рақобатли бозор механизмларига босқичма-босқич ўтилади.

– Мазкур соҳада яна қайси масалаларга эътибор қаратиш керак? 

– Фикримизча, мазкур соҳада қайта тикланувчи энергия манбалари ускуналарини ва алоҳида деталларини ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришни кенгайтириш зарур.

Соҳада ўрта ва олий маълумотли, юқори малакали, шунингдек, хизмат кўрсатувчи кадрлар тайёрлаш, уларнинг малакасини оширишни тизимли йўлга қўйиш керак.

Мавжуд салоҳиятни бирлаштирувчи қисқа ва узоқ муддатли илмий-тадқиқот ҳамда тажриба конструкторлик ишланмаларини амалга оширишнинг мақсадли дастурларини ишлаб чиқиш даркор. Ҳудудлар табиий-иқлим шароитидан келиб чиқиб, (ландшафт, яйловлар, флора ва фаунага зарар етказмаган ҳолда) саноат корхоналари ва ижтимоий соҳа объектларида қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини ўрнатиш тартибини ишлаб чиқиш лозим.

Қайта тикланувчи энергия манбалари электрон чиқиндиларини тўплаш, саралаш ва утилизация қилишни ташкил этиш, энергия манбаи сифатида “Яшил водород” ва бошқа синтетик ёқилғилардан фойдаланиш масалаларини жадаллаштириш, иссиқ сув ва иссиқлик ишлаб чиқарувчи қуёш коллекторларини ўрнатишга эътибор қаратиш, Ўзбекистоннинг “Қуёш атласи” ва “Шамол атласи”ни ишлаб чиқиш ишларини якунига етказиш лозим.

– Бу кўрсаткичларга эришишда янги қонун қандай аҳамият касб этади? 

– “Қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш янада ривожлантирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун юқорида келтирилган заруриятга асосан қабул қилинди. Янги қонун билан амалдаги 1 та қонун ва 1 та кодексга тегишли қўшимча ва ўзгартиришлар киритилди.

Жумладан, “Қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш тўғрисида”ги қонунга “яшил энергия” сертификатлари – қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланган ҳолда электр энергияси ишлаб чиқарилганини тасдиқловчи электрон ҳужжат тушунчаси киритилди.

“Яшил энергия” сертификатларини бериш ва муомалага киритиш тартибини белгилаб берувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш ваколати Вазирлар Маҳкамасига берилди.

Қуввати 300 кВт ва ундан юқори бўлган қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланган ҳолда ишлаб чиқариладиган электр энергиясини ягона электр энергетика тизимига улаш ушбу манбалар махсус ваколатли давлат органида рўйхатдан ўтказилганидан кейин амалга оширилади.

Қонун билан Солиқ кодексига қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишга асосланган генерация объектларининг “яшил энергия” сертификатлари савдосидан тушган даромадларини фойда солиғидан озод қилишга доир ўзгартиш киритилди.

Қонун ижтимоий ва уй-жой коммунал соҳаларида ҳамда иқтисодиёт тармоқларида қайта тикланувчи энергия манбаларини кенг жорий этишга,  энергия самарадорлигини ошириш орқали республика ҳудудларида энергия тақчиллиги қопланишини таъминлаш, бу борадаги ишларни комплекс ташкил этишга замин яратади.

Қолаверса, қонун инвесторлар учун қулай шароитлар ва рағбатлантириш механизмлар жорий қилинишига, шунингдек, саноат ва аҳолининг энергия таъминотини яхшилаш, пировард натижа энергетика барқарорлигини таъминлашга хизмат қилади.

ЎзА мухбири

Норгул Абдураимова суҳбатлашди.