Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 5 июнь куни ҳудудларда бюджетга қўшимча тушумлар ва маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтириш орқали нархлар барқарорлигини таъминлаш ҳамда инфляциянинг олдини олишда маҳаллий ижро ҳокимияти органлари, солиқ ва молия идоралари раҳбарларининг шахсий масъулияти ва жавобгарлигини ошириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.
Мажлисда Бош вазир ва унинг ўринбосарлари, вазирлик ва идоралар, компаниялар, хўжалик бирлашмалари, банклар раҳбарлари, видеоконференц-алоқа тизими орқали Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимлари иштирок этди.
Мамлакатимизда амалга оширилаётган Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ иқтисодиётни модернизация ва диверсификация қилиш кўламини кенгайтириш, ривожланиш даражаси нисбатан паст бўлган туман ва шаҳарларни жадал тараққий эттириш ҳисобидан ҳудудлар ўртасидаги ижтимоий-иқтисодий тафовутларни камайтириш борасида изчил ислоҳотлар олиб борилмоқда. Жумладан, янги саноат корхоналари ва кичик саноат зоналари ташкил этилиб, йирик хўжалик бирлашмаларининг маблағлари, банклар кредитлари ҳамда хорижий инвестициялар жалб қилинаётгани субвенцияга қарам бўлиб қолган туман ва шаҳарларда маҳаллий бюджетларнинг даромад базасини кенгайтириш, ишлаб чиқариш тармоқларини ривожлантириш учун муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 7 июнда қабул қилинган “Маҳаллий бюджетларни шакллантиришда жойлардаги давлат ҳокимияти органларининг ваколатларини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ҳудудларни комплекс ривожлантириш дастурларини барқарор молиялаштириш ва шу асосда аҳолининг реал даромадлари, ҳаёт даражаси ва сифатини ошириш имконини бермоқда.
Мажлисда бюджетга қўшимча тушумларни кўпайтириш ва инфляция даражаси барқарорлигини таъминлаш бўйича ишларнинг мавжуд ҳолати атрофлича танқидий таҳлил қилиниб, бу борадаги энг муҳим вазифалар белгилаб олинди.
Президентимизнинг мамлакатимиз ҳудудларига ташрифлари давомида жойлардаги мавжуд резерв ва имкониятларни ишга солиш ҳисобидан дастлаб бюджетга қўшимча равишда 5,3 триллион сўм ёки прогнозга нисбатан 12 фоиз кўп солиқ тушириш бўйича чоралар белгилаб берилган эди. Бунинг натижасида жорий йилнинг ўтган 5 ойида прогнозга нисбатан 2,7 триллион сўм ёки 16 фоиз кўп тушум туширишга эришилди.
Айни вақтда ўтказилган таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, маҳаллий ҳокимликлар, молия-солиқ органлари томонидан бюджетга қўшимча солиқ тушириш борасидаги резервлар ҳали ҳам тўлиқ ишга солинмаяпти.
Жорий йилнинг ўтган 5 ойи давомида солиқларнинг 60 фоизини илгаригидек 171 та йирик корхона таъминлаб бергани буни яққол тасдиқлаб турибди.
Масалан, Қорақалпоғистон Республикасида жами солиқ тушумининг 50 фоизи “ЎзКоргаз” ва “Устюртгаз” корхоналари, Навоий вилоятида эса 75 фоизи Навоий кон-металлургия комбинати ҳисобидан қопланган.
Йиғилишда Тошкент шаҳри ва Наманган вилоятида бу борадаги ишлар мутлақо талабга жавоб бермаслиги қаттиқ танқид қилинди.
Мисол учун, бозордаги савдо-сотиқлар орқали тушадиган маблағларни таҳлил қиладиган бўлсак, афсуски, бу борадаги кўрсаткич Тошкент шаҳрининг Олмазор туманида 30 фоизга, Сергелида 7 фоизга, Яккасаройда 4 фоизга, Юнусободда 3 фоизга камайиб кетган. Бошқа туманларда ҳам аҳвол ана шундай ачинарли экани мажлисда алоҳида кўрсатиб ўтилди.
Автотураргоҳларда тушум бўйича етарли назорат йўқлиги кузатилмоқда. Бунинг оқибатида маҳаллий бюджетларга 18 миллиард сўм тушмасдан қолган.
Наманган вилоятининг Норин ва Наманган туманларида ўтган 5 ой мобайнида савдо ва умумий овқатланиш шохобчалари ҳисобидан тўланадиган солиқлар миқдори камайиб кетган.
Вилоятда солиқ ҳисоботлари тўлиқ таҳлил қилинмагани ва шу асосда тегишли чора-тадбирлар кўрилмагани туфайли қарийб 20 миллиард сўм солиқ ундирилмаган.
Ўрганиш ва ҳисоб-китоблар ҳалигача ишга солинмаётган бундай резервлар барча ҳудудларда мавжудлиги, умуман, жорий йилда прогнозга қўшимча равишда 8,1 триллион сўм солиқ тушириб, бюджетга жами солиқ тушумини 50,2 триллион сўмга етказиш имкони борлигини кўрсатмоқда.
Мажлисда мутасадди вазирлик ва идораларга бу соҳада йўл қўйилаётган камчилик ва нуқсонларни тезда бартараф этиш, икки ҳафта муддатда қўшимча равишда 8,1 триллион сўм солиқ тушириш юзасидан аниқ кўрсатмалар берилиб, ҳар бир ҳудуд ва туман бўйича кунлик график ва аниқ чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш вазифаси топширилди. Шунингдек, қисқа муддатда ҳар бир вилоят, туман ва шаҳарда “Бюджетга қўшимча даромадларни жалб қилиш штаби”ни ташкил этиш ва унинг фаолиятини самарали йўлга қўйиш зарурлиги таъкидланди.
Йиғилишда солиқ бўйича қарздорликни мажбурий ундириш, давлат фойдасига ўтказилган мол-мулкларни сотиш ҳисобидан бюджетга 772 миллиард сўм тушириш ва бу борадаги назоратни кучайтиришга қаратилган тизимли ишларни йўлга қўйиш зарурлиги қайд этилди.
Видеоселекторда мамлакатимизда ўтган 5 ой давомида эришилган иқтисодий кўрсаткичлар ҳам танқидий жиҳатдан чуқур таҳлил этилди. Шу даврда инфляция даражаси 6,6 фоизни ташкил этиб, прогноз кўрсаткичидан ошмаган бўлса-да, нарх-наво Тошкент шаҳрида 7,4 фоизга, Андижонда 7,3 фоизга, Қорақалпоғистонда 7,1 фоизга ўсгани ва бунга сабаб бўлган омиллар, бошқарув соҳасидаги камчиликлар кўрсатиб ўтилди.
Маълумки, ҳозирги кунда ҳудудларда мева-сабзавот, чорва, парранда, балиқ ва асал етиштиришни кескин кўпайтиришга алоҳида эътибор берилмоқда. Шу мақсадда тадбиркор ва фермерларга зарур миқдорда кредит маблағлари, озуқа етиштириш учун ер майдонлари, шунингдек, барча керакли имтиёзлар берилмоқда. Лекин, афсуски, давлат миқёсида кўрсатилаётган бундай эътибор ва ғамхўрликнинг аниқ амалий натижалари жойларда ҳанузгача умуман сезилмаяпти. Бу, ўз навбатида, ички бозорда нарх-наво барқарорлигини сақлаб туришга салбий таъсир кўрсатмоқда.
Мажлисда шу нуқтаи назардан гўшт нархи бозорларимизда қимматлашиб бораётганининг сабаблари атрофлича таҳлил қилинди. Бунинг асосий сабабларидан бири – омухта ем, шрот ва шелуха етарли эмаслиги ва бу чорва озуқаларининг белгиланган нархларга нисбатан анча қиммат сотилаётгани билан боғлиқ.
Афсуски, бозорларимизда савдо маданиятига риоя қилмаслик, бу борадаги талаб ва мезонларни бузиш ҳолатлари кўзга ташланмоқда. Бу эса нарх-наво сунъий равишда ошиб кетаётганининг яна бир жиддий сабабидир. Бозорларнинг раҳбар ва мутасаддилари бу ҳолатнинг олдини олмасдан, аксинча, ўзлари таъмагирлик ҳолатларига йўл қўймоқда.
Мажлисда яна бир муҳим масалага эътибор қаратилди. Маълумки, ички бозоримизда асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари бўйича нарх-наво ошиб кетишининг олдини олиш мақсадида ўтган йили махсус жамғарма ташкил қилинган эди. Ана шу жамғарма фаолияти яхши йўлга қўйилмагани туфайли шу кунга қадар 155 миллион долларлик шакар, ўсимлик ёғи, картошка ва товуқ гўшти четдан импорт қилинган. Нарх-навони барқарорлаштириш бўйича жамғарманинг ўрни ва таъсири мутлақо сезилмаяпти. Жамғарма айрим тадбиркорлар манфаатига хизмат қиладиган кредит ташкилотига айланиб қолганини ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди, деб таъкидлади давлатимиз раҳбари.
Ана шу танқидий фикрлардан келиб чиққан ҳолда, мажлисда мазкур жамғарма фаолиятини жиддий текшириш бўйича Бош прокуратурага тегишли топшириқлар берилди.
Йиғилишда давлатимиз раҳбари одамларнинг обод ва фаровон ҳаёт кечириши учун ўта муҳим бўлган қурилиш материаллари нархи йилдан-йилга ошиб бораётганини ҳам афсус билан қайд этди. Бу эса инфляция даражасига салбий таъсир кўрсатаётгани, йил бошига нисбатан қурилиш материаллари нархи мамлакатимиз бўйича 16 фоиз, жумладан, Тошкент вилоятида 23 фоиз, Сурхондарёда 20 фоиз ва Хоразмда 19 фоиз ошганига тегишли мутасадди ва раҳбарлар эътибори қаратилди.
Бу йил сув камлигини ҳисобга олиб, такрорий экин майдонини 238 минг гектарга қисқартирганимиз маҳсулот етиштириш ҳажми камайишига ва бунинг натижасида нарх-навонинг ошишига сабаб бўлмаслиги зарур. Шунинг учун қолган 680 минг гектар ерга такрорий экинларни тўлиқ экиш ва ҳосилдорликни ошириш ҳисобидан ички бозор учун ҳам, экспорт учун ҳам етарли миқдорда ҳосил олишни таъминлашимиз керак. Сувдан тартиб билан, оқилона фойдалансак, барча экинларга сув етади, деди Президентимиз.
Кўрсатиб ўтилган бундай муаммоларни ҳал этиш учун Такрорий экинларни экиш бўйича республика штаби ва ишчи гуруҳи ташкил этиш ҳақида аниқ кўрсатма ва топшириқлар берилди. Такрорий экинларни экиш, парваришлаш ва етиштирилган ҳосилни нест-нобуд қилмасдан йиғиб олиш, ғалладан бўшаган ерларга пешма-пеш такрорий экинлар экишни уюшқоқлик билан ташкил этиш борасида тегишли вазифалар белгиланди.
Видеоселектор йиғилишида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари захирасини яратиш, фермерлар билан такрорий экинлардан олинадиган маҳсулотлар бўйича шартномалар тузиш, аванс маблағларини ўз вақтида ажратиш билан боғлиқ чораларни кўриш зарурлиги таъкидланди.
Шунингдек, бу йил ғалладан бўшаган майдонларни шудгорлашдан олдин суғормаслик юзасидан ҳам аниқ вазифалар келишиб олинди.
Мажлисда тегишли раҳбар ва мутасаддиларга 2018-2021 йилларда чорвачилик, паррандачилик ва балиқчиликни ривожлантириш, ушбу тармоқда рационал озуқа базасини шакллантириш дастурларини ишлаб чиқиш, ҳар бир ҳудуд бўйича асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талабни аниқлаб, махсус жамғарма ҳисобидан уларни импорт қилиш учун тегишли ташкилий ишларни амалга ошириш, бозорларда нарх-наво барқарорлигини таъминлаш бўйича таъсирчан чоралар кўриш ҳақида амалий кўрсатмалар билдирилди.
Селектор йиғилишида муҳокама қилинган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилиниб, уларнинг ижроси бўйича қатъий назорат ўрнатиш ва мунтазам равишда ахборот бериб бориш зарурлиги таъкидланди.