Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳрида тирбандликни камайтириш, жамоат транспортини яхшилаш йўлида амалга оширилаётган ишларга танқидий ёндашди. Йўл қўйилган камчиликларни бирма-бир санаб, мутасаддиларнинг бу борадаги ишларини қониқарсиз, деб топди.

Бу ҳақли эътирозга ҳали кўп бўлгани йўқ. Жорий йилнинг 29 январь куни давлатимиз раҳбари раислигида уй-жой, қурилиш, коммунал хўжалиги, транспорт ва экология соҳаларида амалга оширилиши лозим бўлган устувор вазифалар юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида бу ҳақда сўз борган эди.

Тирбандлик ва жамоат транспорти билан боғлиқ масалалар тилга олинар экан, транспорт вазири Илҳом Маҳкамов, унинг биринчи ўринбосари Маманбий Омаров ҳамда бошқа мутасаддиларга ҳайфсан эълон қилинди. Бу улар учун охирги огоҳлантириш экани ҳам эслатилди.

Хўш, аслида муаммолар илдизи нималарга бориб тақалади ва уларни ҳал этишда қандай хулоса ва ёндашувлар муҳим? Шу каби саволлар ва мавзунинг жиҳатлари юзасидан Ўзбекистон Республикаси транспорт вазирининг биринчи ўринбосари Маманбий ОМАРОВнинг фикрларига қизиқдик.

– Ўтган йиллар давомида мамлакатимизда жамоат транспорти соҳасини тубдан ислоҳ қилиш бўйича бир неча норматив ҳужжатлар қабул қилиниб, аҳолини сифатли ва кафолатланган транспорт хизматлари билан таъминлаш механизмлари яратиб берилди. Республикамизнинг барча аҳоли яшаш пунктлари тўлиқ хатловдан ўтказилиб, 10 мингдан ортиқ аҳоли яшаш пунктидан 1 минг 113 таси қамраб олинмаганлиги аниқланди ва ундан 1 минг 81 тасига жамоат автотранспорт қатновлари қўйилди, – дейди Маманбий Омаров.  – Шу ўринда маълумот учун айтадиган бўлсак, 32 та аҳоли пунктига олиб борувчи йўл қамраб олинмаган, чунки йўл сифати ҳаракатланиш хавфсизлиги талабларига жавоб бермаган. Ушбу йўллар таъмирлаш дастурларига киритилди.

Яна бир жиҳат – мавжуд йўналишларда ҳаракатланаётган аксарият транспорт воситаларининг сиғими, қулайлиги ва хавфсизлиги талабларга жавоб бермайди.

Масалан, бугунги кунда республика бўйича “Дамас” автотранспортининг улуши 72 фоизни ташкил этади.

Мавжуд йўналишлардаги транспорт воситаларининг янгиланиши (10 йилдан ортиқ), сиғимини ошириш («Дамас»ни автобус ва микроавтобуслар билан алмаштириш), фаолият юритмаётган йўналишларни қамраб олиш учун қўшимча 4 минг 200 дан ортиқ автобус, 5 минг 500 дан ортиқ микроавтобусга эҳтиёж мавжудлиги аниқланди.

Бугунги кунда аҳоли талабларидан келиб чиққан ҳолда ҳар бир ҳудуд кесимида мавжуд йўналишлар қайта кўриб чиқилиб, янги йўналишлар тармоқлари ишлаб чиқилди.

Шу муносабат билан жорий йилдаги энг асосий вазифа ҳудудлар жамоат транспорти учун 2 мингта автобус ва 2 мингта микроавтобус харид қилишни таъминлаш ҳисобланади.

Маълумот учун айтадиган бўлсак, 2023 йилда қарийб 2 мингта автобус ва 1 мингта микроавтобус харид қилинган эди.

Бугунги кунда йўналишлар “Қишлоқ маҳалладан – туман марказига, туман марказидан – вилоят марказига” тамойили асосида шакллантирилди. Мазкур йўналишлар “Е-тендер” электрон платформаси орқали шаффоф тендер савдолари ўтказилиб, тадбиркорларга бириктирилади.

– Йиғилишда вилоятларга етказилиши режа қилинган автобусларнинг ҳаммаси ҳам олиб келинмагани, Андижон, Самарқанд, Наманган, Қарши ва Урганч шаҳарларида йўловчи ташишни брутто-шартнома асосида молиялаштириш тизимини жорий қилиш ишлари якунига етказилмагани қайд этилди. Бу борадаги режалар қандай бўлган эди?

– Аввало айтиб ўтиш лозим, ўтган йили жорий этилган “Брутто-шартнома” тизими – йўловчилар учун сифатли хизмат ҳамда ташувчилар учун кафолатланган молиялаштириш механизмини яратиб берди. “Брутто-шартнома” тизимининг авваламбор, Тошкент шаҳрида жорий этилиши замонавий автобусларнинг самарали ишлашига замин бўлди.

Масалан, автобуслар оралиқ интервали 2-3 баробарга қисқариб, ҳозирда 8-10 дақиқани ташкил этмоқда (олдин 18-20 дақиқа бўлган), кунлик йўловчи оқими 1,7 бараварга кўпайиб, 1 миллион нафарга етди. Таққослаш учун айтиб ўтаман, илгари кунига 650 минг нафар йўловчи ташилган.

Қўшимча қилишим мумкин, пойтахтимизда жамоат транспорти фаолияти учун янада қулайликлар яратиш мақсадида 48,2 километр алоҳида ажратилган йўлаклар ташкил этилди. 11 та магистрал, 14 та ҳалқа, 96 та боғловчи ва 46 та етказиб берувчи, жами 167 та янги йўналиш тармоғи асосида бир неча босқичда электрон тендер танловлари ўтказилди.

Бу ишлар 1 мартга қадар Урганч, Андижон, Қарши, Нукус ва Наманганда, қолган шаҳарларда эса 1 июлдан маҳаллий ҳокимликлар билан ҳамкорликда амалга оширилади.

Натижада шаҳар жамоат транспортида сифатли ташиш хизмати, кунлик режадан воз кечиш, йўлкира ҳақи йиғими тўлиқлиги, марказлашган диспетчерлик хизмати ҳамда шаффоф молиялаштириш тизими таъминланади.

Республикамизнинг йирик шаҳарларига келсак, ҳозирда 4 тасида “Транспорт мастер режа”лар ишлаб чиқилган бўлиб, қолган 17 таси жорий йил 1 апрелга қадар якунланиши режалаштирилган.

Жамоат транспорти инфратузилмаси объектлари бўйича гапирадиган бўлсак, вилоят марказларида автовокзаллар, туманларда автостанциялар орқали фаолият юритиш мақсад қилинган. Бухоро ва Наманганда янгидан қуриш, Қарши, Навоий, Термиз, Гулистон ва Фарғонада талаб даражасига келтириш кўзда тутилган. Бундан ташқари, яна 47 та туманда автостанция қурилиши режалаштирилган.

– Давлатимиз раҳбари раислигида ўтказилган йиғилишда Транспорт вазирлиги тизимидаги тегишли корхонада халқаро қатновлар учун 167 та автобус бўлгани билан корхона хусусий сектор ва қўшни давлатлар ташувчилари билан рақобат қила олмаётгани қайд этилди. Бу борада бартараф этилиши лозим бўлган қандай жиҳатларни санаб ўта оласиз?

– Дарҳақиқат, муҳим йўналишлардан бири, бу – халқаро автобуслар йўналиши. Бу борада жами 32 та мунтазам янги халқаро автобус йўналишлари – Тожикистонга 4 та, Қирғизистонга 5 та, Қозоғистонга 18 та ва Россияга 5 та йўлга қўйилиб, ўтган йилда 411 минг йўловчига хизмат кўрсатилди.

Жорий йилда эса мунтазам халқаро автобус йўналишларини қўшимча икки баробарга ошириш режалаштирилган. Шунда Россия Федерациясига жами 10 та халқаро автобус йўналишлари ҳаракатланади. Бунинг учун асосан халқаро йўналишларда фаолият олиб бораётган “Ўзавтотранссервис” МЧЖ корхонасига хусусий сектор жалб қилинган ҳолда молиявий соғломлаштирилади ва сервис хизматларига эга янги автобаза ташкил қилинади.

Водийдан автобус қатновлари чекланганлиги сабабли Россия билан боғловчи битта чипта мультимодал ташувлар ташкил қилинади, яъни Андижон шаҳридан Тошкент шаҳригача темир йўлда, Тошкентдан Москвага автобусда қатновчи, Андижон – Тошкент – Москва мультимодал йўналиши йўлга қўйилади.

– Автомобиль йўллари тизимида эскича ёндашувларга барҳам бериш зарурлиги бугун замон талабидир. Президентимиз йиғилишда кўзда тутган эскича ёндашувлар нималарда кўринади?

– Авваламбор, шуни таъкидлаб ўтиш жоизки, йўл хўжалигини ислоҳ қилиш бўйича давлатимиз раҳбари томонидан имзоланган қарорда соҳага оид барча масалалар қамраб олиниб, ечим топилмаган йўналиш қолмаган. Шу асосида бешта йўналишга алоҳида эътибор қаратилди – сифатга, инновацион ёндашган ҳолда лойиҳалаштиришга, ажратилган маблағларни ўзлаштириш ва рақамлаштиришга.

Биринчидан, қурилаётган автомобиль йўлларининг сифати ва техник талабларга жавоб бериши йўл қурилишида ўрнатилган назорат тизимига ҳам узвий боғлиқ. Ушбу соҳада вазирлик ҳузурида Транспорт назорати инспекцияси ташкил этилиб, унга барча ваколатлар аниқ белгилаб берилди. Жорий йилда эса “Йўл сифат назорат” ахборот тизими ишлаб чиқилади ҳамда Электрон ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази, “Шаффоф қурилиш” ва “Ягона давлат назорати” ахборот тизимлари билан интеграция қилинади ҳамда ишга туширилади.

Мазкур тизим ишга туширилиши натижасида йўл қурилиши объектларини рўйхатга олишдан бошлаб, фойдаланишга қабул қилишгача бўлган барча жараёнлар рақамлаштирилади. Йўл қурилиши объектларининг лойиҳа ҳужжатлари ва экспертиза хулосалари, техник, муаллифлик ва ички назорат ҳамда объектларда бажарилаётган ишлар, ижро ҳужжатлари тўғрисидаги маълумотларни тизимдан электрон шаклда ўрганиш, назорат ишларини амалга ошириш имкони яратилади.

Шунингдек, Транспорт вазирлиги ҳузуридаги кадрларни қайта тайёрлаш институтида Халқаро муҳандис-консультантлар федерацияси – “FIDIC” талаблари асосида тасдиқланган ўқув дастурига мувофиқ Йўл хўжалиги, Автомобиль йўллар қўмитаси ходимлари ва Транспорт назорати инспекцияси инспекторлари малакасини ошириш тизимли йўлга қўйилади.

– Транспорт вазирлигига жорий йилда транспорт вазнини ўлчайдиган камида 30 та тарози ўрнатиш чораларини кўриш топширилди. Ҳар бир вилоят бўйича “пилот” лойиҳалар бошланиши белгиланди. Бу келгусида қандай имкониятларни яратади?

– Республика ҳудудида автотранспорт воситаларининг рухсат этилган вазн ва габарит параметрларига риоя этилишини назорат қилиш муҳим вазифа. Бугунги кунда инсон омилисиз юк автомобилларининг ҳаракат даврида вазн ва ҳажм параметрларини автоматик аниқловчи жами 9 та стационар (3 тасида ишлар якунланмоқда) ва 15 та кўчма (мобиль) тарозилар ўрнатилди.

Шу билан бирга, 2024-2026 йилларда Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда 44 та замонавий ўлчов тарозиларини, жумладан, юк автомобилларининг ҳаракат даврида вазн ва ҳажм параметрларини аниқловчи “WIM” тизимидаги тарозихоналар ўрнатилади. Бу, албатта, юк автомобиллари вазни ва ҳажмини аниқлаш, таҳлил қилиш имконини беради.

– Тошкент шаҳрида тирбандликлар катта муаммога айланиб бормоқда. Президентимиз аҳолини ўйлантираётган ушбу масалага тўхталар экан, тизимли ёндашган ҳолда тирбандликлар муаммоси бўйича таклифларни шакллантириш юзасидан топшириқлар берди. 

– Таъкидлаб ўтганингиздек, бугунги кунда пойтахтимизнинг асосий муаммоларидан бири, бу – тирбандлик бўлиб қолди. Транспорт йўл инфратузилмасини такомиллаштириш ва ривожлантириб боришда илмий ёндашув муҳим ҳисобланади.

Шу боис илмий ёндашув асосида Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузурида Ҳаракатни ташкил этиш ва бошқариш марказини ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Натижада йўл ҳаракатини тўғри ташкил этиб, инфратузилмаларни тартибга келтириш ва жамоат транспорти ҳаракатига устуворлик бериш каби имкониятлар пайдо бўлади.

– Тизимдаги яна қайси йўналишларда кузатилган камчиликлар йиғилишда Президентимизнинг танқидий муносабатига сабаб бўлди ва ундан қандай хулосаларга келинди?

– Бугунги кунда соҳада амалга оширилган ишлар билан бир қаторда, ўз ечимини кутаётган муаммо ва камчиликлар мавжуд. Тан олиб айтиш керакки, мавжуд имкониятлардан тўлиқ фойдаланмаслик ортидан айрим йўналишларда оқсоқликларга йўл қўйилди.

Шу муносабат билан жорий йилда ишлаш тизимини янгича ёндашув билан ташкил этиш, транспорт соҳасидаги барча йирик ва кичик корхоналар билан биргаликда, авваламбор, ички ресурслардан самарали фойдаланиш орқали транспорт хизматлари ҳажми ва сифатини оширишга алоҳида эътибор қаратилади.

Йиғилишда белгилаб берилган вазифа ва топшириқлардан хулоса қилдик. Мавжуд муаммоларни бартараф этиш мақсадида 2024 йилда транспорт соҳасини ривожлантиришнинг асосий вазифалари этиб транспорт ва йўл инфратузилмасига тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилишга эътибор қаратамиз. Иқтисодиёт тармоқлари ҳамда аҳолининг транспорт ташувларига бўлган талаб ва эҳтиёжларини қондириш юзасидан амалий ҳаракатларга киришамиз.

Бундан ташқари, транспорт турлари бўйича ички йўналишлар сони ва географиясини кўпайтирамиз. Ташувлар сифати оширилиб, халқаро транспорт коридорларини ривожлантириш бўйича бошланган йирик лойиҳалар жадаллаштирилади. Мамлакатимиз транзит салоҳиятини ошириш, транспорт ва логистика хизматлари бозорида яширин иқтисодиёт улушини камайтириш ҳамда коррупциянинг олдини олиш мақсадида рақамлаштириш жараёнларини тезлаштириш кўзда тутилган.

Йўл қурилиши сифати ҳамда ташувлар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида эса, албатта, қатъий назорат тизимини ўрнатиш муҳим вазифаларимиздан бири бўлади.

ЎзА мухбири

Абдулазиз РУСТАМОВ

суҳбатлашди.