Бугун, 28 январь куни Нидерландиянинг Вейк-ан-Зее шаҳрида ўтаётган “Tata Steel Chess-2024″ халқаро турнирида энг кучлилар номи маълум бўлади.
86-бор ташкил этилаётган турнирнинг сўнгги 13-турида ҳамюртимиз Нодирбек Абдусатторов Германия шарафини ҳимоя қилаётган Александр Донченко билан куч синашади.
Ушбу турда Праггнанандҳаа —Алиреза Фирузжа, Пархам Магсудлу — Доммаражу Гукеш, Вэй — Сантош Гужрат Видит, Дин Лижен — Цзюй Вэньцзюнь, Аниш Гири — Вармердам ва Ян Непомняший — Жордан Ван Форест нуфузли мусобақанинг охирги беллашувларида саф тортади.
Кеча ўтказилган 12-турда Нодирбек қора доналарда ҳиндистонлик Сантош Гужрат Видит билан баҳслашди.
Ҳинд гроссмейстери ўйин аввалида ҳимоядан ҳужумкор вазиятни вужудга келтиришга интилган Абдусатторовни қийин ҳолатга келтирди. Оқибатда ўйиннинг 77-юриш остонасида оқ доналарда ўйин олиб борган Сантошнинг кичик устунликка эришишини таъминлади.
Ушбу турда шунингдек, Алиреза Фирузжа – Ян Непомняший 1:0, Жордан Ван Форест – Аниш Гири 0:1, Вармердам – Дин Лижен 0:1, Цзюй Вэньцзюнь – Вэй 0:1, Александр Донченко – Пархам Магсудлу 0,5:0,5, Доммаражу Гукеш – Праггнанандҳаа 0,5:0,5 ҳисоблари қайд этилди.
Ортда қолган 12-турдан кейин “Masters” гуруҳида пешқадамликка 7,5 очко жамғаришга муваффақ бўлган Абдусатторов сингари Сантош Гужрат Видит, Аниш Гири, Вей ва Доммаражу Гукеш эга бўлиб олди.
Айтиб ўтганимиздек, бугун ўтказиладиган 13-тур курашлари “Tata Steel Chess-2024″нинг ғолиб ва совриндорлари номини аниқлаб беради.
Ўтган йили мазкур мусобақада 2-ўринни эгаллаган Абдусатторовга бу гал ғолиблик насиб этишини истаган ҳолда 1-ўринга даъвогарлик қилаётган Сантош Гужратнинг Вэй билан, Аниш Гирининг Вармердам билан, Доммаражу Гукешнинг Пархам Магсудлу билан рўбарў келаётгани уларнинг ҳам етакчиликка имкониятлари етарли эканлигини кўрсатмоқда.
Т. Рўзиев, ЎзА