2027 йилдан бошлаб итларни озиқ-овқат учун боқиш ва уларнинг гўштини сотиш Жанубий Кореяда оғир жарималар ва 3 йилгача қамоқ жазоси билан жазоланади.
Тегишли қонун Сеул парламенти томонидан қабул қилинди ва шу билан кўп асрлар давомида мавжуд бўлган амалиётга чек қўйилди. Тақиқ учун 208 депутат овоз берди, яна икки нафари бетараф қолди, деб ёзади, “The Korea Times” нашри.
Қонунда айтилишича, итни ўлдириш уч йил қамоқ ёки 30 миллион вон яъни 20 минг 800 евро миқдорида жаримага тортилади. Бундан ташқари, янги қонун ит гўшти саноатида ишлайдиган одамларни қайта тайёрлаш ишларига ёрдам беришни ҳам ўз ичига олади. Бу мавзу бир неча йиллардан бери муҳокама қилинмоқда эди.
Жанубий Кореяда ит гўшти анъанавий равишда иссиққа чидамлиликни ошириш воситаси сифатида қабул қилинган. Сўнгги йилларда, айниқса, ёшлар бу масалага ўзларининг норозиликларини билдириб, ит гўшти истеъмол қилишдан бош тортишаётган эди. Узоқ муҳокамалардан кейин қабул қилинган қонунни мамлакат президенти Юн Сок Ёль ҳам қўллаб-қувватлаган.
Ҳайвонлар ҳуқуқлари фаоллари, жумладан, итларни шафқатсиз усулларда яъни, электрошокер билан ёки осиб қўйиш орқали сўйиш амалиётини танқид қилиб келаётган эди.
Жанубий Корея қишлоқ хўжалиги вазирлиги маълумотларига кўра, 2022 йил апрель ойида 1100 га яқин фермер хўжаликлари озиқ-овқат учун итлар боқиш билан шуғулланган, жами 570 минг ит боқилган ва 1600 та ресторанда ит гўштидан пиширилган таомлар билан мижозларга хизмат кўрсатилган.