Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “140 та илғор саноат корхонаси” дастурини амалга ошириш ва “саноат ипотекаси” тизимини жорий қилишга доир чора-тадбирлар тўғрисида” қарор қабул қилди.

Унга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳамда Савдо-саноат палатасининг саноат соҳаларида “140 та илғор саноат корхонаси” дастури амалга оширилади.

Ушбу дастурга киритилган тадбиркорлик субъектлари лойиҳаларини молиялаштириш учун хорижий валютада йиллик 4 фоиз, миллий валютада йиллик 10 фоиз ставкада 10 йил муддатгача кредит маблағлари ажратилади.

Қарор билан Дастур доирасида тадбиркорлик субъектларига очиқ танлов асосида таклиф қилинадиган йирик саноат лойиҳаларининг тақсимоти, шунингдек, йирик саноат лойиҳаларини амалга оширувчи ташаббускор тадбиркорларни очиқ танлов асосида танлаб олиш ва молиялаштириш тасдиқланди.

Қуйидагилар йирик саноат лойиҳаларини очиқ танлов асосида танлашнинг асосий мезонлари этиб белгиланди: 

лойиҳа доирасида камида 100 та янги иш ўринлари яратилиши;

ишлаб чиқариладиган маҳсулотнинг ички бозордаги импорт улуши 50 фоиздан юқори бўлиши;

ишлаб чиқариш технологик асбоб-ускуналарининг янги (янги авлодга мансуб) бўлиши;

лойиҳа амалга ошириладиган туманнинг тоифасидан келиб чиқиб, лойиҳага афзаллик берилиши (тоифаси паст туманларга юқори афзаллик берилиши);

халқаро брендлар билан ҳамкорлик шартномасига асосан ишлаб чиқариш лойиҳаларига афзаллик берилиши.

Дастур доирасида: 

танлов ғолиблари платформага келиб тушган таклифлардан энг яхшиларини очиқ танлов асосида танлаш орқали инвестицияларни жалб қилиш, саноатни ривожлантириш ва савдони тартибга солиш масалалари бўйича Ҳукумат комиссияси томонидан аниқланади;

очиқ танлов иштирокчилари ва ғолибларини танлашга асос бўлган асосий мезонлар тўғрисидаги маълумотлар ҳар чорак якунида платформада эълон қилиб борилади;

танлов ғолиби бўлган ташаббускор тадбиркорларга Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳамда унинг тизимидаги ташкилотлар томонидан лойиҳаларнинг бизнес режаси ва техник-иқтисодий асосларини тайёрлашда услубий жиҳатдан ёрдам берилади;

танлов ғолибларига Саноатни ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан хорижий валютада йиллик 4 фоиз ва миллий валютада йиллик 10 фоиз ставкада 10 йил муддатгача, шундан 3 йилгача имтиёзли давр билан бир лойиҳа қийматининг 25 фоизи миқдорида, бироқ 10 миллион АҚШ долларидан кўп бўлмаган миқдорда кредитлар ажратилади.

Саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича лойиҳаларни тезкорлик билан ишга туширишни қўллаб-қувватлаш мақсадида 2024 йил 1 январдан бошлаб тадбиркорлик субъектларига ер участкалари (ишлаб чиқариш майдонлари) қурилиш учун тегишли рухсатномалар ва лойиҳа ҳужжатлари расмийлаштирилган ҳолда, “тайёр бизнес” шаклида аукцион савдоларига чиқарилади.

Ишлаб чиқаришни ташкил этиш мақсадида бино ва иншоотлар харид қилиш учун Саноатни ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан 7 йил муддатга, 2 йилгача имтиёзли давр билан миллий валютада йиллик 10 фоиз ставкада кредитлар ажратилади.

ЎзА