Нукусда Ўзбекистон Экологик партияси Қорақалпоғистон Республикаси партия ташкилоти Кенгаши томонидан партия ташкил этилганининг 5 йиллиги муносабати билан “Биз келажак учун жавобгармиз” шиори остида маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, шаҳар ва туман Кенгашлари депутатлари, партиянинг шаҳар ва туман кенгашлари, бошланғич партия ташкилоти раислари, “Aёллар қаноти”, “Ёшлар қаноти” етакчилари, партия фаоллари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси ўринбосари Р.Сапарбаев, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Л.Сейтова, Ўзбекистон Экологик партияси Қорақалпоғистон Республикаси партия ташкилоти Кенгаши раиси A.Бегимова ва бошқалар сўзга чиқиб, партия томонидан атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш бўйича ўтган йиллар мобайнида қилинган ишлар, амалга оширилган лойиҳалар, депутатлар фаолияти юзасидан маълумот берди.
Таъкидланганидек, Ўзбекистон Экологик партияси 2019 йил 8 январда сиёсий майдонга чиқиб, барча даражада бўлиб ўтган давлат ҳокимияти органлари сайловларида ўз номзодлари билан иштирок этиб келмоқда. Ўтган қисқа давр мобайнида энг ёш партия бўлишига қарамасдан, партия ташкилий жиҳатдан ва сиёсий томондан анча жипслашди, сиёсий майдонда обрў ва эътиборга эга бўлди.
–Ўтган қисқа вақт мобайнида партия мамлакатимизнинг сиёсий майдонида ўз ўрни ва мавқега эга бўлди, – дейди Ўзбекистон Экологик партияси Нукус шаҳар Кенгаши раиси Арухан Исмайлова. – Бугунги кунда жаҳон ҳамжамиятини қийнаб келаётган долзарб муаммо –экология ва атроф муҳитни асраш, ичимлик суви ва иқлим ўзгариши масалалари партия фаолиятининг асосий йўналишларидан бири ҳисобланади.
Маънавий-маърифий тадбирда партиянинг ғоявий мақсад ва вазифаларини рўёбга чиқаришда жонбозлик кўрсатиб келаётган бир гуруҳ фаолларга, депутатларга, ҳамкор ташкилотлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакилларига Ўзбекистон Экологик партияси Қорақалпоғистон Республикаси партия ташкилоти Кенгашининг ташаккурномаси ҳамда эсдалик совғалари топширилди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири