9 декабрь – Халқаро коррупцияга қарши кураш куни

Aдлия органлари ва муассасаларида коррупцияга қарши курашиш тизими яратилган. Адлия вазирлигининг коррупцияга қарши курашиш сиёсатига мувофиқ ҳар бир  фаолият устидан комлаенс текширувлар ўтказиб борилмоқда.

– Хусусан, давлат хизматлари марказлари томонидан айрим турдаги хизматларни кўрсатиш йўналишлари комплаенс текширувидан ўтказилиб, аниқланган коррупциявий хавф-хатарларни минималлаштириш мақсадида хизматларни рақамлаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқилди, – деди Адлия вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Севара Ўринбоева. –  Жорий йил тўққиз ойида аниқланган ҳолатлар бўйича бир нафар ходим билан меҳнат шартномаси бекор қилинди. 24 нафар ходимга нисбатан тегишли интизомий жазо чоралари қўлланилди. Шунингдек, 17 нафар ходим билан профилактик суҳбатлар ўтказилди.

Бундан ташқари, ҳудудий адлия бошқармалари тизимидаги  адлия, ФҲДЁ бўлимлари ва давлат хизматлари марказларида ҳам ходимларнинг фаолияти комлаенс текширувдан ўтказиб борилмоқда. Бунинг натижасида 14 нафар ходимга “ҳайфсан”, 24 нафар ходимга нисбатан жарима интизомий жазо чораси қўлланилди.

Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 23 октябрдаги “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва уларнинг лойиҳаларини коррупцияга қарши экспертизадан ўтказишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра  “коррупциядан холи қонунчилик” тамойили асосида коррупцияга қарши экспертиза бўйича услубиёт қабул қилинди. Янги тартиб ва услубиёт ишлаб чиқилиши билан коррупциявий ҳолатларни келтириб чиқарувчи нормаларни аниқлаш кўрсаткичи сезиларли даражада ошди.

Хусусан, Адлия вазирлигига 2020 йилда ҳуқуқий экспертиза учун киритилган лойиҳаларнинг 9 фоизида коррупциявий омил аниқланган бўлса, ушбу кўрсаткич 2021 йилда 13 фоиз, 2022 йил 14 фоиз, 2023 йилнинг тўққиз ойлигида эса 15 фоиз етган.

Бу рақамлар, ўз навбатида, вазирлик ва идоралар томонидан ишлаб чиқилаётган лойиҳаларда коррупциявий омилларни келтириб чиқариши мумкин бўлган нормалар сони ошиб бораётгани, хусусан, улар томонидан коррупцияга қарши экспертиза лозим даражада амалга оширилмаётганини ҳам кўрсатади.

2021 йилдан бошлаб амалдаги қонунчилик ҳужжатларини коррупцияга қарши экспертизадан ўтказиш тартиби жорий қилинди. Эндиликда барча қонунчилик ҳужжатлари 2027 йилга қадар коррупцияга қарши экспертизадан ўтказилади.

Шу пайтгача ўтказилган экспертиза натижаларига кўра, 238 ҳужжатда ёки жами ҳужжатларнинг 13 фоизида 339  коррупциявий омил аниқланди. Уларни бартараф этиш бўйича  вазирлик томонидан учта қонунчилик ҳужжати лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Коррупцияга қарши курашиш бўйича адлия органлари ва муассасаларининг фаолиятини такомиллаштириш соҳасида эса  тўловлар миқдори ҳақида инфографика ва роликлар кўринишида ДХМ ва ФҲДЁ бўлимлари биноларидаги телеэкранлар ҳамда тизим ижтимоий тармоқларида фуқароларга маълумотлар бериб бориш амалиёти кучайтирилди.

ДХМларда пуллик хизматни рўйхатдан ўтказиш тизимида тўлов миқдорларини расмийлаштирилган аризага улаш имконияти яратилди.

Адлия органлари ва муассасаларида бюджет маблағларини бошқариш ва унда иштирок этиш ваколатига эга бўлган мансабдор шахслар учун “UzASBO” дастурий мажмуасидан фойдаланиш тартиби ишлаб чиқилди.

“Ўзархив” агентлиги коррупцияга қарши курашиш бўйича ISO 37001:2016 халқаро сертификатини олди.

Адлия органлари ва муассасаларида коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни профилактика қилиш ва уларга қарши курашиш соҳасида алоқа каналлари орқали адлия органлари ва муассасалари ходимларининг ножўя хатти-ҳаракатлари юзасидан жами 137 мурожаат ва хабарлар келиб тушган бўлиб, шундан, 95 таси “антикорбот” телеграм канали орқали ҳамда 42 таси бошқа алоқа канали орқали келиб тушган мурожаат ва хабарларни ташкил этади.

Мазкур мурожаатлар ва хабарларни ўрганиб чиқиш натижасида 15 нафар ходимга нисбатан интизомий жазо чораси қўлланилган. Шундан 6 нафар ходим билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинган ҳамда 118 нафар ходим билан профилактик суҳбатлар ўтказилган.

 

Норгул Абдураимова,  

ЎзА