Айни кунларда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги масъуллари хизмат сафари билан Нью-Йорк шаҳрида бўлиб турибди. Ўзбекистон делегацияси Нью-Йорк шаҳридаги Колумбия университетига ташриф буюрди.

Ташриф давомида мазкур олий ўқув юрти профессор-ўқитувчилари томонидан аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини мустаҳкамлаш масалаларига бағишланган музокаралар, шунингдек, бир қатор тақдимотлар ўтказилди. Шунингдек, ижтимоий ҳимоянинг долзарб муаммолари бўйича фикр алмашилди.

Эътиборлиси, Колумбия университети фуқароларни ижтимоий ҳимоя билан таъминлашда Ўзбекистоннинг «маҳалла» институти тизимини ўрганишга алоҳида қизиқиш билдирмоқда.

Шунингдек, делегация аъзолари университет президенти Минуш Шафик билан ҳам учрашди.

Музокаралар натижасида ИҲМА, Колумбия университети ижтимоий иш мактаби ва UNICEF ўртасида нафақат Ўзбекистонда, балки бутун минтақада ижтимоий ҳимоя тизимини ривожлантиришда муҳим рол ўйнаши кутилаётган Ҳамжамиятларни мустаҳкамлаш ва ижтимоий фаровонликни ривожлантириш маркази ташкил этишни назарда тутувчи уч томонлама ўзаро англашув меморандуми имзоланди.

 

Н.Зиёдуллаева тайёрлади

ЎзА