Меҳнат мигрантларини, қайсидир маънода, ҳар қандай мамлакат иқтисодиётини ривожлантириш, аҳолиси фаровонлигини оширишга ҳисса қўшадиган фидойи инсонлар, дейиш мумкин.

Шу боис кейинги йилларда мамлакатимизда миграция масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилиб, мигрантлар ҳуқуқи ва манфаатини ҳимоя қилиш, уларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратила бошланди.

Зеро, давлатимиз раҳбарининг турли мамлакатларга ташрифи давомида, кўпинча, ўша юртда ишлаб юрган ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари билан учрашиб, уларнинг фикри, ўй-ташвиши, муаммолари билан қизиқиши ҳам бежиз эмас.

ЎзА мухбири мигрантларимизга яратилаётган қулайликлар, бу борадаги ютуқ ва камчиликлар хусусида Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Тошкент шаҳри бўлими раҳбари Ҳамза Абдуллаев билан суҳбатлашди.

– Ҳамза ака, суҳбатимизни нисбатан анъанавий савол билан бошламоқчи эдик. Умуман, бугунги кунда мамлакатимизда миграция масаласига муносабат қандай? Мигрантларни қўллаб-қувватлаш мақсадида нима ишлар қилинмоқда?

 Тан олиш керак, давлат бошқаруви соҳасидаги кенг кўламли ислоҳот, халқаро ҳамкорликни ривожлантириш йўлидаги изчил саъй-ҳаракат натижасида Ўзбекистонда миграция масаласига муносабат тубдан ўзгарди. Юртимизда мигрантлар ҳуқуқини ҳимоя қилиш, халқаро ва минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш, миллий қонунчилик ва механизмни такомиллаштириш бўйича аниқ чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Замонавий глобаллашув таъсири ўлароқ дунёнинг турли бурчакларида юз бераётган миграция жараёни замирида иқтисодий, сиёсий, ижтимоий, экологик сабаблар ётади.

Фақат бизнинг фуқароларимиз чет элда ишлаш учун кетмайди. Масалан, туркларнинг Германияга ёки собиқ вассал давлатлар фуқароларини Францияга етаклаган омил молиявий эҳтиёждир. Худди шундай ўзбекистонликлар ҳам иқтисодий зарурат туфайли четга чиқиб ишлаб келади. Сир эмас, мигрантларимизнинг салмоқли қисми Россия Федерациясида вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга оширмоқда. Уларнинг ҳаёти ва соғлиғи билан боғлиқ турли кутилмаган ҳолатлар юзага келиши хавфидан Хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошираётган фуқароларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқи ва манфаатини ҳимоя қилиш жамғармаси ҳисобидан субсидия асосида суғурта жорий қилинган. Шунингдек, хорижга кетиш харажатини қоплаш учун микроқарз бериш амалиёти йўлга қўйилган. Боқувчиси хорижга ишлаш учун кетган ва “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими рўйхатига киритилган оилаларга бир марталик моддий ёрдам кўрсатиш жорий қилинган.

Фуқароларимизни хорижда уюшган ҳолда ишга жойлаштириш кўламини кенгайтириш, ноқонуний меҳнат миграциясининг олдини олиш мақсадида доимий равишда салоҳиятли иш берувчилар билан музокара олиб борилади. Хорижда зўравонлик, мажбурий меҳнат ёки таҳқирга дучор бўлган, жароҳат олган, бахтсиз ҳодисага учраган, оғир касалликка чалинган, мураккаб аҳволга тушиб қолган ватандошларимизга ёрдам кўрсатилмоқда.

– Ўзбекистонлик меҳнат мигрантларига қайси давлатлардан кўпроқ талаб тушади, қандай мутахассисларимизга эҳтиёж сезиляпти? Миграция географиясини кенгайтириш мақсадида қайси давлатлар билан ҳамкорлик йўлга қўйилди?

 Ҳар қандай мамлакатнинг глобал дунёда ўрнини топиши бевосита илм-фан, техника ва технология соҳасидаги ютуқларига боғлиқ. Шундай экан, таълим, соғлиқни сақлаш, ахборот технологиялари, хизмат кўрсатиш, қурилиш йўналишларига устувор вазифа сифатида қараш керак.

Эндиликда фақат оддий ишларни бажарадиган эмас, балки салоҳиятли, малакали мутахассисларимизга, касб-ҳунарли кадрларга ҳам талаб ортмоқда. Хорижий давлатга юборилаётган юртдошларимиз Мономарказларда, тил ва касб-ҳунар ўрганиш курсларида ўқитиляпти.

Айни мақсаддан келиб чиқиб, Европа давлатлари, Япония, Корея, Канада, Туркия каби иқтисодиёти ривожланган мамлакатлар билан яқин ҳамкорликни изчил ривожлантиришга жиддий эътибор қаратиляпти. Жумладан, жорий йил Люксембург, Литва, Германия ва Япониянинг 7 та корхонаси билан меморандум имзоланди. Нагоя шаҳрида 61 та иш берувчи ва рекрутинг компанияси иштирокида бизнес-форум ўтказилди, кун чиқар юртнинг 6 компанияси билан тегишли ҳужжат имзоланди. Бу келишувлар ҳар йили 1,5 минг нафар фуқаромизни хорижда иш билан таъминлаш имконини беради. Ўзбекистонда малака сертификати берадиган Япония “Tест маркази” ташкил этилади. “JICA” томонидан 5 нафар япон тили мутахассиси олиб келинади. Улар республикамиздаги япон тили ўқитувчилари малакасини оширадилар. Тошкент шаҳри, Самарқанд ва Фарғона вилоятларидаги биттадан тиббиёт коллежи қошида очиладиган “JITCO” лойиҳаси офисларида Японияда ишлаш истагини билдирган битирувчилар тиббиёт ҳамшираси ва қарияларни парваришлаш йўналишида ўқитилади.

Жорий йил Буюк Британия ва Канадада ваколатли идоралар ва бизнес ҳамжамияти учун ташкил этилган “Ўзбекистон Республикасининг меҳнат миграцияси соҳасидаги салоҳияти” мавзусидаги форумга Буюк Британиянинг 16 та, Торонто шаҳрининг 15, Нью-Фаундленд музофотининг 120 та компания ва корхонаси вакиллари жалб қилиниб, самарали амалий келишувларга эришилди. Бирлашган қироллик меҳнат бозорида Ўзбекистон учун 1,5 минг меҳнат кучига буюртма шакллантирилди. “Concordia AG Recruitment”, “Option A Ltd”, “Hops Labor Solutions LTD”, “Pro Force LTD” ва “Ethero Ltd компаниялари билан ҳамкорликни йўлга қўйишга келишилди. Бунинг натижасида 2 минг фуқаро иш билан таъминланиб, уларнинг 1,5 минг нафари мавсумий қишлоқ хўжалиги ишларига жалб қилинди. Фуқароларимиз учун белгиланган иш ҳақи 6 минг фунт стерлингдан ошади.

Шунингдек, Канаданинг Нью-Брунсвик, Онтарио, Нью-Фаундленд ва Янги Шотландиянинг Лабрадор музофоти билан ҳамкорлик бўйича келишувга эришилди.

Қайд этиш керак, Канадада қурилиш, туризм ва саноат соҳаларида мутахассис етишмайди. Таҳлил ушбу мамлакатда 2025 йил 10 минг, 2027 йилга келиб эса 30 минг бўш иш ўрни пайдо бўлишини кўрсатмоқда. Шундан келиб чиқиб, “Irving Ltd” ва “Trades NL The Building Trades of Newfoundland & Labrador” корхоналари билан келишиб олинди. Яқин келажакда қўшимча 500 кишини иш билан таъминлаш режалаштирилган, ўртача ойлик маоши 4-5 минг Канада доллари этиб белгиланган.

Эътиборлиси, йил бошидан буён иқтисодиёти ривожланган давлатлар билан ўтказилган музокаралар натижасида 100 мингга яқин бўш иш ўрнини тўлдиришга таклиф тушди. Айни пайт Европа давлатлари билан ҳамкорликда 64 мингга яқин бўш иш ўрнига Ўзбекистон фуқароларини жалб қилиш бўйича 20 дан ортиқ лойиҳа амалга оширилмоқда. Масалан, Германиянинг 15 та иш берувчи ва рекрутинг агентлигига 30 мингдан зиёд Ўзбекистон фуқароси тиббиёт, ҳайдовчилик, ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш соҳаларига тўғридан тўғри ва “Ausbildung”– дуал таълим асосида ишга жалб қилинади.

“GLOBOGATE Recruiting GmbH” ва “Nova Agency” ташкилотлари томонидан ҳозир 473 ҳамшира немис тили курсида ўқияпти. Йил бошидан ушбу корхоналар томонидан 360 нафар фуқаромиз Германияга турли соҳалар бўйича ишга юборилди. Ушбу шериклик самараси ўлароқ, яқин 5 йил ичида 12 минг фуқарони ишга юбориш режалаштирилган.

Германиянинг бир неча ташкилоти билан тузилган келишувга кўра, жами 17 минг фуқаро ишга жалб қилинади.

Финляндиянинг “Smart workers” ташкилоти билан 2 та лойиҳани йўлга қўйиш, Буюк Британиянинг 3 та рекрутинг ташкилоти билан 10 мингдан ошиқ Ўзбекистон фуқаросини электр механиги ва қассоблик бўйича узоқ муддатли, шунингдек қишлоқ хўжалигида мавсумий ишга жалб қилиш ниятимиз бор. Жорий йил бошидан 1 850 нафар фуқаро мавсумий ишга жўнатилди.

Литва, Латвия ва Польшадаги 47 та иш берувчи ва рекрутинг ташкилоти билан 19 минг нафар “СЕ” тоифали юк машинаси ҳайдовчилари, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳалари ходимларини жалб қилишга келишилди.

Руминиянинг “PAB Romania” корхонасида ҳозир “пилот” лойиҳаси натижасида 54 киши қурилишда ишлаяпти. Канаданинг “Work Global Canada” рекрутинг ташкилоти билан 5 йил давомида 7 минг нафар Ўзбекистон фуқаросини қурилиш, хизмат кўрсатиш, ишлаб чиқариш соҳалари, қассоблик ва бошқа касбларга ишга жалб қилиш бўйича келишувга эришилди.

Маълумотга кўра, Тошкент шаҳри бўйича жорий йил январь-октябрь ойларида хорижга ишлаш учун чиқиб кетганлар 11 613 кишини ташкил этди. Уларнинг 962 нафари Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Тошкент шаҳри ҳудудий филиали кўмагида иш билан таъминланди.

– Бугунги кунда мигрантларимизнинг ойлик маоши ўртача қанча?

 Қачонки, меҳнатга яраша ҳақ тўланса, ишда ҳам, оилада ҳам унум, барака бўлади. Албатта, меҳнат муҳожирининг маоши биринчи ўринда муайян давлатга, қолаверса касбига ва иш берувчи ташкилот имкониятига боғлиқ. Масалан, ўртача ойлик Россияда 700-800, Японияда 1500-1800, Европада 1200-2000 АҚШ доллари атрофида.

Хулоса ўрнида айтиш жоиз, мусофирликнинг оғир юки, турли қийинчилигини зиммасига олиб, ҳалол меҳнат қилиб пул топиш осон эмас. Демак, хорижда турфа шароитда меҳнат қилаётган юртдошларимизни ижтимоий, ҳуқуқий ва моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш асосий вазифамиз бўлиб қолаверади.

ЎзА мухбири

Гўзал Сатторова суҳбатлашди.