Ўзбекистонлик бир гуруҳ журналистлар Ҳиндистон журналистлари ассоциацияси – Ҳиндистон матбуот клуби таклифига биноан 21-28 ноябрь кунлари бу мамлакатда бўлди. Расмий учрашувлар, ҳамкорлик мулоқотлари, матбуот конференцияларидан ташқари журналистлар Деҳли, Агра, Жайпур шаҳарларида қадим Ҳиндистон обидалари, Бобурийлар қолдирган тарихий ёдгорликлар билан ҳам танишдилар. Сизнинг эътиборингизга улардан туркум видеолавҳалар тақдим этамиз.

Биринчи манзилимиз Деҳли шаҳрида жойлашган «Қизил қалъа».

Лал қалъа ёки Қизил қалъа 1652 йилда Буюк Бобурийлар авлоди Шоҳжаҳон томонидан қурилган ва у 200 йил давомида яъни 1856 йилгача империя қароргоҳи бўлган.

Шоҳжаҳон империя пойтахтини Аградан Деҳли шаҳрига кўчиришга қарор қилган. 1638 йилда Қалъа қурилиши бошланган. Уни уста Аҳмад Лохурий лойиҳалаштирган. Буюк қалъа Ёмун дарёси бўйида ғоят кўркам бир неча сарой, қароргоҳ, саломхона, хосхона, ҳаммом, фантан, ижодхона каби бинолардан иборат. Атрофи баланд ва қалин деворлар билан ўралган. Сахн, боғ-роғ, сайлгоҳлар бўлган. 1747 йилда инглиз истилочилари қимматбаҳо тошлар, безакларни талон-торож қилганлар.

Ҳиндистон мустақиллик куни Бош вазир мамлакат байроғини қалъа дарвозаси олдида кўтаради.

Муаллиф: Муҳаммаджон Обидов  

Тасвирчи: Элёр Олимов