Туркманистон пойтахти Ашхобод шаҳрида кураш бўйича ўтказилган ХIV жаҳон чемпионати мамлакатимиз мустақиллиги туфайли халқаро спорт тури даражасига кўтарилган ота-боболаримиздан мерос халқ ўйинининг спорт тури сифатидаги ўзига хос тантанаси сифатида эътироф этилди.

ХIV жаҳон чемпионатининг қардош ва жондош туркман заминида ўтказилишида ўзига хос рамзий маъно бор.

Чемпионат иштирокчиларига Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедовнинг табрик йўллаши, мусобақаларнинг тантанали очилиш маросимининг давлат аҳамиятига молик тадбирдек кўтаринки руҳда, байрамона ўтказилишида, иштирокчиларни қўллаб-қувватлаш, хорижий делегацияларга яратилган шарт-шароитлар, курашнинг ривожига бўлган эътиборда халқларимиз дўстлиги, қадриятларимиз ҳамнафаслиги, тарихий илдизларимиз муштараклиги уфуриб турди.

Шиддатли беллашувлар натижасида Ўзбекистон терма жамоаси жаҳон чемпионатини 7 та олтин, 1 та кумуш, 1 та бронза медали билан якунлаб, умум жамоада 1-ўринни эгаллади.

Чемпионатнинг сўнгги кунида терма жамоамиз аъзоларидан 66 кг вазн тоифасида беллашган спортчимиз Чори Зойиров қийин кечган финал беллашувида Эрон терма жамоаси аъзоси Мажид Ваҳид Бариманлоуни, 87 килограммлик вазн тоифасида курашган спортчи қизимиз Покизахон Камолиддинова туркманистонлик Жаҳан Муҳаммедовани енгиб, ғолибликни тантана қилишди.

Шунингдек, хабар берганимиздек кечаги беллашувларда ҳамюртларимиздан Улбусин Ҳакимова, Ҳилола Ортиқова, Жамшид Маматраҳимов, Эркин Қозоқов, Муҳсин Ҳисомиддинов кураш бўйича жаҳон чемпионлигига эришди.

Мамлакатимиз курашчиларидан Филура Эргашева кумуш, Умид Эсонов бронза медалларига мушарраф бўлишди.

Айтиш лозим, ҳар қандай спорт турида жаҳон биринчилигида ғолибликка эришиш, совриндор бўлиш йўли ўта машаққатли ва заҳматли меҳнатни, беқиёс иқтидорни талаб этади. Кураш спорт турида ҳам шундай.

Аммо курашнинг спорт турига айланиш жараёни, байроғимиз рангларидан жило олиш тизимининг яратилиши, спорт терминологиясининг ишлаб чиқилиши ва шу асосда спорт мусобақалари ўтказилишининг йўлга қўйилиши не чоғли машаққатли бўлганлигини тарих ҳали унутгани йўқ.

Бугун ўтказилаётган кураш мусобақалари, чемпионатлар қалбимизга қанчалик сурур бағишлаётганлигини чуқурроқ ҳис этиш асносида унинг халқаро ривожи, дунё бўйлаб янада кенг оммалашиши борасидаги саъйи-ҳаракатлар етарлими, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан курашнинг халқаро нуфузини янада ошириш бўйича имзолаган қарорлар ижроси тўла-тукис таъминланяптими, давлатимиз раҳбарининг кўрсатмалари бажарилмоқдами, деган масалалар кўнгилдан кечиши шубҳасиз.

Қолаверса, мамлакатимиз ташаббуси ва молиявий қўллови билан фаолият кўрсатаётган Халқаро кураш ассоциациясининг Халқаро олимпия қўмитаси ва бошқа йирик спорт ташкилотлари, бирлашмалари билан курашни Олимпия ўйинлари тизимига киритиш, Осиё ўйинларидаги мавқиеини мустаҳкамлаш, унинг моддий техник базасини чет мамлакатларда ҳам яратиш борасидаги манфаатли ҳамкорлик ишлари қай йўсинда олиб борилаётганлиги кенг жамоатчиликни қизиқтириши табиий.

Шу жиҳатдан, миллий курашимизни жаҳон миқёсига олиб чиқиш борасида ҳали қилиниши зарур бўлган бир талай вазифалар, бир-биридан долзарб юмушлар борлигини таъкидламоқ керакки, булар Янги Ўзбекистоннинг янгича қиёфада жаҳон ҳамжамиятидаги мавқиеини мустаҳкамлашда катта ах,амитга эга.

Асрлар давомида мардлик, бағрикенглик, олижаноблик ва ҳалоллик тимсоли сифатида эъзозланиб келинган ўзбек кураши халқимизнинг тарихий мероси сифатида Янги Ўзбекистонда бутунлай янги даврга қадам қўймоқда. Давлатимиз раҳбари томонидан имзоланган “Кураш миллий спорт турини ривожлантириш ва унинг халқаро нуфузини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарорда келтириб ўтилганидек, курашнинг инсонпарвар хусусиятларини бутун дунёга фаол тарғиб қилиш, спорт мусобақаларига аҳолининг барча қатламларини кенг жалб этиш орқали курашни  жаҳон халқларининг севимли спорт турига айлантириш, Халқаро олимпия ўйинларига киришига етарли шарт-шароитлар яратишг.а эришиш, дунёда ўзбек курашли бренди нуфузини ошириш бугунги куннинг муҳим вазифаларидан бири ҳисобланади.

Ғурур билан таъкидламоқ жоиз, Туркманистон спорт майдонларида ўтказилган кураш бўйича навбатдаги жаҳон чемпионатида Ўзбекистон терма жамоасининг ғолибликка эришиши бир тараф бўлган бўлса, бошқа тарафдан  азалий қадриятларимизнинг нодир дурдонаси курашнинг том маънода замонавий спорт турига айланганлигини намойиш этиш  янада аҳамиятли бўлди.

Мусобақалар жаҳоннинг бир қатор давлатларида х,ам намойиш этилганлиги, минг-минглаб спортсеварлар кураш гиламида “тўхта”, “ёнбош”, “ҳалол” каби қалб, шууримизга сингиб кетган сўзлар бошқарувида шиддатли беллашувларга гувоҳ бўлганлиги асрий орзуларимизнинг тантанаси сифатида ёдда қолди.

Туркманистонда ўтган жаҳон чемпионатида зафар қучган маҳоратли курашчиларимиз бугун, кечки пайт юртимизга қайтиб келишади.

 

Т.Рўзиев,  

ЎзА