Учувчисиз учадиган аппаратлар Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кирилиши чекланган товарлар қаторига киради. Уларни республика ҳудудига қонунга хилоф равишда олиб кириш, шунингдек, ўтказиш, олиш, сақлаш ёки улардан фойдаланиш учун жиноий жавобгарлик белгиланган бўлиб, бунда уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган. Эндиликда бу борадаги жавобгарлик либераллаштирилмоқда.

Ушбу тартиб Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида кўриб чиқилган “Айрим тоифадаги жиноий қилмишлар учун жавобгарлик либераллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳасида ўз аксини топган. Мазкур лойиҳа биринчи ўқишда муҳокама қилинди.

– Мамлакатимизда туризм соҳасида олиб борилаётган туб ислоҳотлар туристик инфратузилманинг ривожланиши ва яхшиланишига, туристлар учун қўшимча қулайликлар яратилишига, кўрсатилаётган хизматларнинг сифати ошишига кўмак бермоқда. Шу билан бирга, барқарор туризм ривожини тобора жадаллаштириш мамлакатнинг туристик жозибадорлигига салбий таъсир кўрсатадиган омиллар бартараф этилишини талаб қилади, –  деди Божхона қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Илҳом Мухторов. –  Учувчисиз учадиган аппаратлар мамлакатимиз ҳудудига олиб кирилиши чекланган товарлар сирасига киради. Кўп ҳолларда юртимизга ташриф буюрадиган сайёҳлар ўзлари билан бу каби аппаратларни олиб келади. 200га яқин дунё давлатларининг 19 тасидагина бу турдаги жиноятлар учун жавобгарлик белгиланган. Албатта, ҳар бир мамлакатнинг ўз қонун-қоидалари мавжуд.

Қонун лойиҳаси билан Жиноят ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларга республика ҳудудига учувчисиз учадиган аппаратларни қонунга хилоф равишда олиб кириш, ўтказиш, олиш, сақлаш ёки улардан фойдаланишни биринчи марта содир этган шахсларга нисбатан жиноий жавобгарлик ўрнига маъмурий жавобгарликни белгиловчи, шунингдек, ушбу ҳуқуқбузарликларни такрор содир этганлик учун жиноий жавобгарлик жазо чораларини енгиллаштирувчи тегишли ўзгартириш ва қўшимчаларни киритиш назарда тутилмоқда.

Киритилаётган нормалар фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш, мамлакатимизга чет эллик туристларнинг кенг жалб этилиши учун қулай шароитларни таъминлаш, шунингдек, республикамизнинг халқаро майдондаги нуфузини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Мажлисда қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди.

 

Муҳтарама Комилова,  

ЎзА