Нукус шаҳрида “Ижтимоий ўзгаришлар даврида оммавий ахборот воситаларининг ўрни” мавзусида семинар-тренинг бўлиб ўтди. Ўзбекистон журналистларни қайта тайёрлаш маркази ва Канаданинг “Search for Common Ground” ташкилоти билан ҳамкорликда ташкил этилган икки кунлик тадбирда оммавий ахборот воситалари вакиллари, блогерлар ҳамда журналистика соҳасида таҳсил олаётган талабалар иштирок этди.

Глобаллашув жараёнида диний бағрикенглик, динлараро тотувлик, ўзаро ҳамкорлик масаласи ривожланган ва ривожланиб бораётган мамлакатларнинг тинчлиги ҳамда тараққиёти учун энг муҳим тамойиллардан бири ҳисобланади. Тадбирда бағрикенглик тушунчаси, мамлакатимиздаги турли динлар илдизлари, тарихи ва бугунги кундаги ривожланиши юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди. Динлараро муносабатларнинг моҳияти ҳамда вазифалари, гендер жиҳатлари, бу борада юзага келиши мумкин бўлган зиддиятлар, уларни бартараф этиш  чоралари  тўғрисида тушунчалар берилди. Иштирокчиларга бағрикенглик ва миллатлараро тотувлик мавзусида роликлар намойиш этилиб, динлараро низоларни оммавий ахборот воситаларида ёритишнинг ахлоқий жиҳатлари муҳокама этилди.

– Семинар-тренингнинг асосий мақсади оммавий ахборот воситалари ва блогерларнинг бағрикенглик ва миллатлараро тотувлик йўналишида касбий малакаси ва кўникмаларини шакллантиришдан иборат, – дейди Ўзбекистон миллий университети профессори, филология фанлари доктори Ёқутхон Маматова. – Юртимизда миллий маданияти, тили, урф-одати, ўз турмуш тарзига эга бўлган турли динларга эътиқод қилувчи миллатлар яшаб келаётганини ҳисобга олсак, бу долзарб мавзу ҳисобланади. Тадбирда журналист, блогер ва талабалар фаол иштирок этганлигини алоҳида қайд этиш зарур. Икки кунлик семинар-тренинг маҳаллий журналистларга бағрикенглик ва миллатлараро тотувлик мавзусини ёритишда амалий ёрдам беради деган умиддамиз.

Семинар қизғин баҳс-мунозараларга бой бўлди.

Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат),

ЎзА мухбирлари