2021-2025 йилларда давлат иштирокидаги корхоналарни бошқариш ва ислоҳ қилиш Стратегиясига мувофиқ “Давлат мулкини хусусийлаштириш тўғрисида”ги қонун ишлаб чиқилди.

Олий Мажлис Сенатининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масаллари қўмитасининг навбатдаги мажлисида муҳокама қилинган қонун иқтисодиётда давлат иштирокини асосланган даражагача қисқартириш ва инвестиция муҳитини тубдан яхшилашга қаратилгани қайд этилди.

Қонунни ишлаб чиқишда ушбу соҳадаги халқаро тажриба ўрганилган. Қонун нормалари Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотлар ва Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқлаштирилган.

Қонунда хусусийлаштиришнинг қонунийлик, очиқлик ва шаффофлик, ҳисобдорлик, тенг рақобат муҳитини таъминлаш ҳамда коррупцияга йўл қўймаслик асосий принциплар сифатида белгиланмоқда.

Янги меъёрлар киритилиб, давлат активларини сотишда бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти, тўловларни амалга ошириш тартиби ва шартлари қонун даражасида белгиланмоқда. Қонун асосида балансда сақловчининг жавобгарлиги кучайтирилиб, хатлов комиссияси институти бекор қилинмоқда.

Сенаторлар, экспертлар ҳамда тегишли вазирлик ва идоралар вакиллари иштирок этган мажлисда қонуннинг қабул қилиниши хусусийлаштириш жараёнларида тенг рақобат муҳитини яратишга хизмат қилиши таъкидланди. Шу билан бирга, мамлакатимиз иқтисодиётининг ривожланиши, хусусий мулкчилик ва унинг ҳимоясини таъминлашига замин яратади.

 

Н.Абдураимова, ЎзА