Ўзбекистон делегацияси “Хотин-қизлар, тинчлик ва хавфсизлик” минтақавий семинарида иштирок этди

Марказий Осиё давлатлари вакиллари учун минтақавий семинар бўлиб ўтди. Вена шаҳрида ўтган анжуманда “Хотин-қизлар, тинчлик ва хавфсизлик” кун тартибини амалга ошириш бўйича миллий ҳаракатлар режалари муҳокама қилинди.
Семинарда Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон ҳукуматлари ҳамда фуқаролик жамияти институтларининг экспертлари ва вакиллари иштирок этди.
Тадбирда гендер тенгликни таъминлаш ва тинчлик ҳамда хавфсизлик масалаларида хотин-қизларнинг ролини кучайтиришга қаратилган Миллий ҳаракат режаларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди ҳамда тажриба алмашилди.

Хусусан, Олий Мажлис Сенати аъзоси Гулнора Маруфова юртимизнинг мазкур соҳадаги ютуқлари, хавфсизлик ва тинчликпарварлик соҳасидаги қарорларни қабул қилиш жараёнларига гендер жиҳатларни интеграциялашга қаратилган муваффақиятли тажриба билан ўртоқлашди.
Хотин-қизларни тинчликпарвар операцияларда иштирок этишга жалб қилиш ва низоларни ҳал этиш бўйича тажриба алмашиш муҳокаманинг асосий масалаларидан бири бўлди. Бу жараёнда хотин-қизлар дуч келаётган тўсиқларни бартараф этиш усуллари ва уларни барча даражадаги қарорлар қабул қилиш жараёнларига фаол жалб этиш йўллари муҳокама қилинди.
Семинар якунида иштирокчилар томонидан миллий ҳаракатлар режаларини ривожлантиришни давом эттириш ва такомиллаштириш, шунингдек, “Хотин-қизлар, тинчлик ва хавфсизлик” кун тартибини амалга оширишда Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилди.
Н.Абдураимова, ЎзА