Қарши шаҳрида Президент Шавкат Мирзиёев раислигида Қашқадарё вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалалари юзасидан йиғилиш бўлиб ўтмоқда.

Қайд этилганидек, Қашқадарё республикада энг кўп дон ва пахта етказиб беради.

Лекин вилоятда иш ўрнини кўп яратадиган мато тўқиш 30 фоиздан ошмайди, матони бўяш йўлга қўйилмаган. Ваҳоланки, буни ҳисобидан қўшимча 60 минг ёшлар ва аёлларни банд қилиб, 500 миллиард сўм тушумни таъминлаш мумкин.

Шу боис келгуси йил давомида вилоятда 370 миллион долларлик 33 та йирик лойиҳа ишга туширилади. Бу орқали тайёр трикотаж маҳсулот ишлаб чиқариш 1,6 баробар, мато ишлаб чиқариш 3,1 баробар ошиб, 8 мингта иш ўрни яратилади.

Вилоятда Тўқимачилик технопаркини ташкил қилиш ва у ерга Европанинг таниқли брендларини олиб келиш топширилди.

Президент бу йилги мавсумдан тўғри сабоқлар чиқариб, қишлоқ хўжалигидаги ёндашувларни ҳам ўзгартириш вақти келганини кўрсатиб ўтди ҳамда ҳозирда келгуси йилдан бошлаб фермерларга кластерларни ихтиёрий танлаш ҳамда ҳосилнинг шартномадан ортиқча қисмини эркин сотиш имкониятини бериш масаласи муҳокама қилинаётганини айтди.

ЎзА