Президент Шавкат Мирзиёев 24 октябрь куни ҳудудлар ривожи, аҳоли турмуши билан танишиш мақсадида Қашқадарё вилоятига келди. Ташриф давомида саноат корхоналари, таълим ва тиббиёт муассасалари фаолияти, маҳаллалар ҳаёти билан танишилди.

Давлатимиз раҳбари бутун фаолияти давомида ҳар бир соҳа бўйича бевосита жойларга чиқиб, халқ билан мулоқот қилиб, аҳоли ҳаётидан келиб чиқиб иш юритади. Мамлакатимиз ҳудудларига ташрифлардан асосий мақсад – қишлоқ аҳолисининг турмуш даражасини кўтариш, туманларни саноатлаштириш, иш ўринларини кўпайтириш, ижтимоий шароитларни яхшилаш.

Бу жиҳатлар Қашқадарё вилоятига ташрифда ҳам намоён. Давлатимиз раҳбари дастлаб “Sulton Tex Group” кластерининг тўқимачилик корхонаси фаолияти билан танишди.

Бу корхона умумий қиймати 8 миллион 200 минг долларлик лойиҳа эвазига ўтган йили ишга тушган. Замонавий технология ва ускуналар самарасида йилига 5 миллион дона тикув-трикотаж маҳсулотлари тайёрлаш қуввати яратилган.

Эътиборлиси, кластер “янги маҳсулот – янги давлат” принципи асосида экспортни йўлга қўйган. Бугунги кунда сифатли товарлар Америка Қўшма Штатлари, Канада, Польша, Сингапур, Россия каби мамлакатларга тўлиқ экспорт қилинмоқда. Даромад, иш унумдорлиги ҳам шунга яраша юқори. Кластерда пахта етиштириш ва ишлаб чиқаришнинг тўлиқ занжирида 3 мингга яқин аҳоли меҳнат қилмоқда.

Президент корхонадаги иш жараёни билан танишди. Бундай лойиҳаларнинг вилоят иқтисодиёти ва аҳоли бандлигидаги аҳамияти ҳақида фикр билдирилди. Мутасаддиларга бу соҳада имкониятлар тўлиқ ишга солинмаётгани кўрсатиб ўтилди.

– Аҳоли, айниқса, қишлоқ жойлардаги одамларга муносиб турмуш шароитлари яратиш ислоҳотларимизнинг асоси бўлиши керак, – деди Шавкат Мирзиёев.

Маълумки, энг кўп пахта Қашқадарё вилоятида етиштирилади. Лекин уни қайта ишлаш, тайёр маҳсулотга айлантириш ҳажми кам. Масалан, мато тўқиш ва бўяш йўлга қўйилса, туманларда қўшимча 60 минг кишини банд қилиш мумкин.

Шу мақсадда “20 минг тадбиркор – 500 минг малакали мутахассис” дастури “Sulton styles” корхонасида ҳам татбиқ этилмоқда. Амалий мономарказ ташкил этилиб, ишсиз аҳолини тўқимачилик касбига ўргатиш йўлга қўйилмоқда. Бу жараён икки босқичли бўлиб, аввал хотин-қизларга корхонадаги технология ва асбоб-ускуналардан фойдаланиш, меҳнат хавфсизлиги қоидалари ўргатилади. Кейинги босқичда улар мураббийларга бириктирилиб, бевосита иш ўринларида амалий билим ва кўникмаларни эгаллайди.

Шу ерда давлатимиз раҳбарига Шаҳрисабз, Китоб ва Қамаши туманларида туризмни ривожлантириш лойиҳалари тақдимот қилинди. Қишлоқларда инфратузилмани яхшилаб, сайёҳлик йўналишларига киритиб, аҳоли учун даромад манбаларини кенгайтириш бўйича кўрсатмалар берилди.

Давлатимиз раҳбари ташриф чоғида режадан ташқари тарзда Қарши тумани тиббиёт бирлашмасига борди.

Унинг биноси ўтган асрнинг 60-70 йилларида қурилган. Шифохона 228 бемор ўрнига ва поликлиника 250 қатновга мўлжалланган. Ҳозирда тумандаги 243 минг аҳолига хизмат кўрсатади. Лекин бу ердаги шароитлар шунча қамров ва замон талабига мос эмас. Айрим жиҳозларни янгилашга зарурат бор.

Президентимиз тиббий бўлимлар ва хоналарга кириб, асл аҳволни кўздан кечирди. Бу ерга келган беморлар билан суҳбатлашди.

– Бугун Қашқадарёга келишимиздан мақсад вилоятнинг уч ярим миллионлик аҳолиси турмуш шароитини яхшилаш, оғирини енгил қилиш, саноат, қишлоқ хўжалиги, ижтимоий соҳаларни ривожлантириш. Йўлдан ўтиб кетаётиб, шифохона қандай экан, деб кирдим. Ҳолатни ўзим кўриб, оддий одамлар билан кўпроқ мулоқот қилиб, қарор қабул қилиш – менинг энг катта мақсад-муддаом. Аввал ҳам айтганимдек, таълим билан тиббиёт сифатли бўлса, одамлар рози бўлади. Кўп жойларда шифохоналарни яхши қилдик. Лекин Қарши туманидаги шароит менга маъқул эмас. Бугун кўрганларимдан хулоса қилиб, бу ерда янги шифохона қурамиз, – деди Шавкат Мирзиёев.

Мутасаддиларга бўлажак мажмуа ўрни ва лойиҳаси бўйича таклиф киритиш вазифаси қўйилди. Келгусида у энг замонавий тиббий ускуналар билан жиҳозланади ва дори воситалари билан бепул таъминланади. Туман тиббиёт бирлашмасида ишлайдиган бир гуруҳ шифокор ва ҳамширалар хорижга малака оширишга юборилади. Шу тариқа бу маскан бошқа туман шифохоналари ходимлари учун ўқув-амалиёт марказига айланади.

Шунингдек, ташриф чоғида кадрлар салоҳиятини ва тиббий хизматлар сифатини ошириш, шифохона атрофини тартибга келтириш масалалари ҳам айтиб ўтилди.

Президент Шавкат Мирзиёев сафар дастурида назарда тутилмаган манзиллар билан танишишда давом этди. Қарши тумани маркази – Бешкент шаҳридаги 12-мактаб ҳам режалаштирилмаган ҳолда бориб кўрилди.

Бу ерда айни пайтда 1 минг 400 га яқин ўғил-қиз ўқимоқда. Уларга юздан ортиқ малакали педагог таълим бермоқда. Мактаб ўтган йили капитал таъмирланган. Ўқувчиларга битта касб-ҳунар ва иккита хорижий тилни ўргатиш йўлга қўйилган. Компьютер саводхонлиги, тикувчилик, дурадгорлик каби тўгараклар бор.

Давлатимиз раҳбари синфхоналарни кириб кўрди, ўқитувчи ва ўқувчилар билан суҳбатлашди. Мактаб шароитлари, дарсликлар сифати билан қизиқди.

Айни кунларда юртимизда куз-қиш мавсумига тайёргарлик ва кўчат экиш авжида. Президентимиз мактаб мисолида бу борадаги ишларни кўздан кечирди. Мутасаддиларга ижтимоий муассасаларни иссиқлик билан таъминлаш, энергия тежамкор технологияларни қўллаш бўйича кўрсатмалар берилди. Ўз навбатида, мактабларнинг қурилиш стандартларини замонавийлаштириш, бунда инфратузилма билан таъминланганлик, функционаллик ва энергия самарадорлиги билан боғлиқ барча мезонларни назарда тутиш зарурлиги таъкидланди.

“Яшил макон” лойиҳаси доирасида мактаблар атрофида кўчат экиш ишларига ҳам эътибор қаратилди.

– Мактаб бор жойда маданият бўлади. Педагоглар бошқаларга ҳар жиҳатдан ўрнак. Мактаб атрофи обод бўлиб, мавсумий гуллар яшнаб турса, ёшларга ҳам тарбия, ҳам даъват бўлади, – деди давлатимиз раҳбари.

Президент Шавкат Мирзиёев вилоятга ташрифи давомида Қарши шаҳридаги Ойдин маҳалласида бўлиб, аҳоли турмуши, ҳудуддаги ободлик ва куз-қиш мавсумига тайёргарлик билан яқиндан танишди.

Бу ерда 11 мингга яқин аҳоли яшайди. Ҳудудда иккита мактабгача таълим ташкилоти, битта умумтаълим мактаби мавжуд. Жорий йилда яна учта кўп қаватли уй фойдаланишга топширилди.

Маҳаллада хизмат кўрсатиш соҳаси, тикувчилик ва ҳунармандчилик яхши ривожланган. Хусусан, йигирмага яқин савдо дўкони, сартарошхона, умумий овқатланиш шохобчаси ва бошқа турдаги тадбиркорлик субъектлари фаолият юритмоқда. Уларда маҳаллий аҳоли, хусусан, ёшлар иш билан банд.

Жорий йилда маҳалладаги икки юз нафардан ортиқ ишсиз аҳоли доимий ва мавсумий ишларга жойлаштирилди. Яна қарийб шунча фуқаро “Ишга марҳамат” мономарказлари ва бошқа нодавлат таълим муассасалари орқали ўқитилди. Уларнинг 191 нафари ўзини-ўзи банд қилган шахс сифатида иш бошлаган.

Маҳалла фаоллари Президентга ҳудуддаги ўзгаришлар, одамлар ҳаёти ҳақида сўзлаб берди. Бу ердаги кўп қаватли уйларда илгари тўртта оғир тоифадаги ширкат бўлган. Коммунал хизматларда муаммолар кўп эди. “Ойдин бошқарув сервис компанияси” ташкил этилиб, хизмат сифати яхшиланди.

Куз-қиш мавсуми олдидан кўп қаватли уйларда зарур чоралар кўрилди. Хусусан, ўнта уйнинг томи, юздан ортиқ йўлаклар таъмирланди, иссиқлик қувурлари изоляция қилинди.

Ҳудуд кўкаламзорлаштирилган. “Яшил макон” лойиҳаси доирасида олти минг тупдан ортиқ мевали ва манзарали кўчатлар ўтқазилган. Кўчалар асфальтланган, ёритгичлар ўрнатилган. Икки километрлик пиёдалар йўлакчаси ташкил этилган.

Қарши шаҳри масъуллари, маҳалла “еттилиги” ҳудудда амалга оширилаётган ишлар ҳақида ахборот берди.

Маълумки, юртимизда барча ижтимоий чора-тадбирлар маҳаллаларда, халқ билан биргаликда ташкил қилинмоқда. Бу тизим босқичма-босқич ривожлантирилиб, энди янада кенг ваколат ва имкониятлар берилмоқда. Маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчиси, хотин-қизлар фаоли, ёшлар етакчиси ҳамда профилактика инспекторидан иборат тизимга солиқчи ва ижтимоий хизмат ходими ҳам қўшилиб, “маҳалла еттилиги” жорий этилмоқда. Келгуси йилдан “Маҳалла бюджети” тизими тўлиқ жорий қилинади. Бу – ҳар бир маҳалланинг 100 миллион сўмгача маблағи бўлади, дегани. Шунингдек, амалдаги учта платформа – “Онлайн маҳалла”, “Хотин-қизлар”, “Ёшлар портали” ўзаро интеграция қилиниб, ягона тизимда мужассамлаштирилади.

Президентимиз мазкур тизимни самарали ишлатиш, бундай кенг ваколат ва маблағлардан фойдаланиб, маҳалладаги долзарб муаммоларни ҳал қилиш зарурлигини таъкидлади. Аҳолини тадбиркорликка, хотин-қизларни касб-ҳунарларга жалб этиб, даромадини ошириш, ёшлар учун маданий тадбирлар, мусобақалар ташкил этиш муҳимлиги қайд этилди.

Давлатимиз раҳбари маҳалладаги 11-уйда яшовчи Дилшод Набиев хонадонида меҳмон бўлди. Оила бошлиғи хусусий тадбиркор. Турмуш ўртоғи Ҳурриятхон билан икки фарзандни вояга етказмоқда. Улар тадбиркорлик фаолияти, болаларга берилаётган эътибор ва имкониятлар ҳақида сўзлаб берди.

Президент маҳалланинг янги маркази – маҳалла гузари, хизмат кўрсатиш шохобчаларини кўздан кечирди. Шу ерда нуронийлар билан мулоқот бўлди.

Қарши шаҳрида Республика ихтисослаштирилган Она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт марказининг ҳудудий филиали барпо этилди. Президент ташриф чоғида ушбу муассасани бориб кўрди.

Жорий йил 8 сентябрда давлатимиз раҳбарининг “Оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш, аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Унга мувофиқ, Республика ихтисослаштирилган акушерлик ва гинекология илмий-амалий тиббиёт маркази, Республика аҳоли репродуктив саломатлиги маркази, Республика Она ва бола скрининг маркази негизида Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт марказига айлантирилмоқда. Шунингдек, қарорда мазкур марказнинг 14 та ҳудудий филиаллари ташкил этилиши белгиланган.

Ушбу муассаса ҳамма талабларга жавоб берадиган дастлабки шундай марказлардан бири.

Қарийб тўрт гектарлик ҳудудда тўрт қаватли замонавий бинолар барпо этилган. Барча бўлимлар энг сўнгги русумдаги илғор техника ва ускуналар билан жиҳозланган. Юртимизда вилоятлар миқёсида ҳали бундай улкан ва замонавий тиббиёт маркази йўқ, дейиш мумкин.

Бу ерда 200 ўринли вилоят перинатал маркази, 200 ўринли шаҳар туғруқхонаси, 50 қатновли скрининг маркази ва 50 қатновли репродуктив марказ ягона мажмуада жамланди. Туғиш ёшидаги ҳамда ҳомиладор аёлларга туғруқ ва туғруқдан кейинги даврларда битта марказда ихтисослашган тиббий хизмат кўрсатиш имкони яратилди. Марказ ишга тушгач, бу ерда бир ярим минг нафар тиббиёт ходими фаолият олиб боради.

Давлатимиз раҳбари марказдаги шароит ва қулайликлар билан танишди. Германия, Беларусь ва бошқа мамлакатлар билан ҳамкорлик доирасида шифокорларнинг малакасини ошириш, марказда профилактика ва даволашнинг илғор услубларини жорий этиш бўйича кўрсатмалар берди.

Келгусида бу ерда йилига 8 минг нафардан зиёд патологик туғруқларни қабул қилиш имкони яратилади. Бу кўплаб оналар ҳаётини сақлашда муҳим.

Марказда, шунингдек, каминвазив ва лапароскопик амалиёт турлари 42 тага етказилади. Тубэктомия, кистоэктомия, миомоэктомия ва вентрофиксация амалиётлари йўлга қўйилади. Ўсмир қизлар, аёлларнинг репродуктив саломатлигини муҳофаза қилиш, соғлом оналикка тайёрлашдан бошлаб, ҳомиладорликда антенатал парвариш, скрининг, туғруқ ҳамда кейинги она ва бола парвариши жараёнлари бир жойнинг ўзида ташкил этилади.

Марказ 860 дан ортиқ маҳалла доялари билан мунтазам алоқада бўлади. Ягона электрон база орқали вилоятнинг барча ҳудудларидаги ҳомиладорлар ва туғиш ёшидаги аёллар қамраб олинади. Ўн еттита марказий кўп тармоқли поликлиника таркибидаги аёллар маслаҳатхонаси ва ўн саккизта туғруқ мажмуаси билан алоқа ўрнатилади.

Бу орқали марказ хавф омиллари аниқланган аёлларни тиббий текширувдан ўтказади, уларни даволайди ҳамда зарур ҳолларда республика даражасидаги тиббиёт муассасаларига йўналтиради. Никоҳланувчилар, ҳомиладор ва туғиш ёшидаги аёллар ҳамда чақалоқларни молекуляр тиббий-генетик текширувлардан ўтказади. Ирсий касалликлар аниқланган болаларни махсус дори воситалари ва озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлайди.

Айни кунларда юртимизнинг барча ҳудудларида куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари кетмоқда. Коммунал тармоқлар қайта кўриб чиқилиб, иссиқлик корхоналари модернизация қилинмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев Қашқадарёга ташрифи давомида вилоят “Иссиқлик манбаи” давлат унитар корхонасининг Қарши шаҳрида янгидан бунёд этилган марказий қозонхонасини бориб кўрди.

Ушбу мажмуа 12 Гкал қувватга эга. Бу ерга Туркиядан келтирилган 14 МВтли учта қозон ўрнатилди. Бунинг эвазига йилига 1,7 миллион куб метр табиий газни иқтисод қилиш имконияти яратилди.

Марказ қурилиши жараёнида ҳудудга олти километр қопламали қувур тортилди. Иссиқлик тармоқлари ёпиқ тизимга ўтказилди ва йўқотишлардан ҳимоя қилинди.

Ушбу мажмуанинг фойдаланишга топширилиши 38 та кўп қаватли уйдаги бир ярим мингдан зиёд хонадон ҳамда учта ижтимоий объектни иссиқ сув ва иссиқлик билан таъминлайди.

Давлатимиз раҳбари мутасаддиларга қишга тайёргарлик ишларини сифатли бажариб, энергия ва иссиқлик таъминотини барқарор қилиш, энергия тежамкорлик маданиятини ошириш бўйича кўрсатмалар берди.

Шавкат Мирзиёев ушбу мажмуа жойлашган Наво маҳалласини ҳам кўздан кечириб ўтди.

Ўзбекистон Президентининг Қашқадарё вилоятига ташрифи давом этмоқда.

Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ,

Икром АВВАЛБОЕВ,

Ўлмас БАРОТОВ,

ЎзА мухбирлари