Мамлакатимизда жиноятчиликка қарши курашиш фаолияти самарадорлигини ошириш мақсадида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.

Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг ноқонуний айланиши тинчлик ва хавфсизликка таҳдид солиб, унга қарши кураш мамлакатимиз учун муҳим аҳамиятга эга.

Хусусан, гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни қонунга хилоф равишда ўтказиш ҳолатлари кўпайиб бормоқда. Бу эса, ўз навбатида, гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддалари кўпайиб боришига, уларнинг истеъмолига вояга етмаганларни кенг жалб этиш ҳолатлари ошиб боришига олиб келмоқда.

Ушбу ҳолатлар, мазкур қилмишлар учун жавобгарликни қайта кўриб чиқиш заруратини юзага келтирмоқда.

Шу муносабат билан “Ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва жиноятчиликка қарши курашиш тартиби такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди ва жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.

Қонун билан тақиқланган экинларни етиштириш, гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ҳамда уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш, шунингдек, уларни ўтказиш мақсадини кўзламай қонунга хилоф равишда тайёрлаш, эгаллаш, сақлаш учун жавобгарлик чоралари кучайтирилмоқда.

Бу эса, ўз навбатида, гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддалар ноқонуний айланмасининг олди олинишига ва тинчлик ва хавфсизликнинг таъминланишига хизмат қилади.

Бундан ташқари, рецидивизм жиноятнинг энг хавфли турларидан бири ҳисобланиши, ўта хавфли рецидивист мақомига эга шахслар ўзгарувчан ва, айниқса, вояга етмаган шахсларга салбий таъсир кўрсатишини инобатга олиб, қонун билан Жиноят кодексида белгиланган жазонинг энг кам қисмидан ҳам камроқ ёки бошқа енгилроқ турдаги жазони ўта хавфли рецидивистларга нисбатан тайинлаш мумкин эмаслигидан иборат тақиқ белгиланмоқда.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг одил судловга эришиш даражасини ошириш бўйича изчил ишлар олиб борилмоқда.

“Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Конституциявий қонун таҳриридаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси билан суд органлари фаолиятига оид, шунингдек, шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилишга оид бир қатор конституциявий кафолатлар белгиланди.

Бугунги кунда суд қарорлари қонуний, асосли ва адолатли қабул қилинганини текшириш институтини такомиллаштириш орқали фуқароларга қулай ва соддалаштирилган тартибни жорий қилиш бўйича процессуал қонун ҳужжатларига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

“Суд қарорларини қайта кўриш институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси «Прокуратура тўғрисида», «Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси тўғрисида», «Давлат божи тўғрисида», «Судлар тўғрисида»ги қонунлар нормаларини конституциявий қонун таҳриридаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ҳамда процессуал қонун ҳужжатларига мувофиқлаштириш мақсадида ишлаб чиқилган.

Мазкур қонун лойиҳаларининг мукаммаллашуви мутахассисларнинг, жамоатчиликнинг уни такомиллаштиришдаги фаол иштирокига боғлиқ.

Н.Абдураимова, ЎзА