Божхона қўмитаси раиси Акмалхўжа Мавлонов Тожикистон Республикасида бўлиб, Душанбе шаҳрида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо давлатлар божхона хизматлари раҳбарлари Кенгашининг 77-йиғилишида иштирок этди.

Ушбу кенгаш йиғилишида Арманистон, Беларусь, Озарбайжон, Россия, Тожикистон, Қирғиз Республикаси, Қозоғистон божхона хизмати раҳбарлари ҳам қатнашди.

Кенгаш йиғилиши кун тартибига мувофиқ бир қатор муҳим келишув ва битимлар лойиҳалари атрофлича муҳокама қилинди. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси ташаббусига мувофиқ киритилган МДҲга аъзо давлатлар божхона хизматлари ўртасида транспорт ва тижорат ҳужжатларига божхона органларининг муҳр ва штампларини қўйиш тартиби тўғрисидаги Келишувни имзолашга доир жараёнларни тезлаштириш зарурлиги таъкидлаб ўтилди.

Томонлар Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо давлатлар божхона хизматларининг божхона мақсадлари учун экспертиза ва тадқиқотлар марказини ташкил этишни атрофлича муҳокама қилди.

Бу борада Ўзбекистон делегацияси томонидан Божхона қўмитасининг Жаҳон божхона ташкилоти минтақавий божхона лабораторияси мақомига эга бўлган Марказий божхона лабораторияси тажрибасини ўрганиш бўйича таклиф билдирилди.

Кенгаш йиғилишида кадрлар тайёрлашда турли таълимий ва касбий дастурларни жорий қилиш, жўнатмалар кузатувида навигация муҳрларидан фойдаланиш, жисмоний шахслар томонидан товарларни қисмларга ажратган ҳолда олиб кирилишини тартибга солиш, божхона декларацияларида товарларнинг брутто оғирлигини қайд этишда ягона ёндашувга эришиш каби масалалар кўриб чиқилди.

Шунингдек, транзит ташувларини соддалаштириш, чегара божхона постларида фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва оқибатларини бартараф этишга доир қатор масалалар ҳам атрофлича муҳокама қилинди.

Кенгашнинг навбатдаги йиғилиши 2024 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистонда бўлиб ўтади.

Ш.Маматуропова, ЎзА