Қорақалпоғистон Республикаси Элликқалъа туманидаги “Қаватқалъа” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида “Обод хонадон – обод кўча – обод маҳалла” мезонлари асосидаги қурилиш ишларига старт берилди.
Давлатимиз раҳбарининг ташаббусига асосан ҳудудларда танлаб олинган маҳаллаларда “Обод хонадон – обод кўча – обод маҳалла” мезонларини жорий этиш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Шу муносабат билан сектор раҳбарлари, Халқ қабулхонаси, тегишли соҳавий ташкилотлар, маҳалладаги “бешлик” вакиллари, кенг жамоатчилик ҳамда ҳудуд фаоллари иштирокида ўтказилган йиғилишда бажарилиши лозим бўлган ишлар ҳақида маълумотлар берилди.
Қишлоқ аҳолисига шаҳардан кам бўлмаган қулайликлар яратиш мақсадида “Қаватқалъа” маҳалласида “Обод хонадон”, “Обод кўча” ва “Обод маҳалла” лойиҳаси доирасида кенг кўламдаги ободонлаштириш, қурилиш, таъмирлаш ва бунёдкорлик ишлари бошлаб юборилди. Дастлаб маҳаллада уйма-уй юриб, кўчалар, бинолар, муассасаларда хатлов ўтказилди, “Йўл харита”лари тузиб олинди. Ўрганишларда аниқланган муаммолар жамланиб, ҳар бир кўчада амалга оширилиши лозим бўлган ишларни масъуллар иштирокида ҳал қилиш чоралари кўрилади.
“Қаватқалъа” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида мавжуд фойдаланувдаги автомобиль йўлларини жорий таъмирлаш, шағаллаштириш, ички кўчаларни асфальтлаш, 5600 метр узунликдаги марказий кўчага пиёдалар йўлаклари ҳамда тунги ёритгичлар қуриш белгиланди. Шунингдек, маҳалла фуқаролар йиғини биносини таъмирлаш, ички кўчаларга ичимлик суви қувурларини тортиш, 36-сонли умумтаълим мактабига қарашли чегара ҳудудига панжара ўрнатиш ва бошқа ишлар дастур асосида амалга оширилади.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири