Қорақалпоғистон Республикаси Беруний туманида буюк аллома Абу Райҳон Беруний таваллудининг 1050 йиллигига бағишлаб “Абу Райҳон Берунийнинг жаҳон цивилизацияси ривожидаги ўрни ва Ўзбекистон тараққиётидаги роли ҳамда аҳамияти” мавзусида илмий семинар бўлиб ўтди.

Беруний тумани ҳокимлиги, “Беруний авлодлари” жамоат фонди, унинг қошидаги Берунийшунослик илмий маркази ва Ўзбекистонда демократик жараёнларни таҳлил қилиш марказининг Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бўлинмаси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбир иштирокчилари дастлаб Берунийнинг рамзий қабрига гулчамбар қўйиб, ҳурмат бажо келтирди. Ўтганлар руҳига Қуръон тиловат қилинди. Берунийшунос олимлар, профессорлар туман марказидаги олим монументига ҳам ташриф буюрди.

Илмий-амалий анжуманда Беруний тумани ҳокими А.Сапарбаев,  “Беруний авлодлари” жамоат фонди раҳбари Қ.Шониёзов, Берунийшунослик илмий маркази директори, фалсафа фанлари доктори, профессор Б.Каримов, Ўзбекистонда демократик жараёнларни таҳлил қилиш марказининг Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бўлинмаси раҳбари, тарих фанлари доктори, профессор Я.Абдуллаева сўзга чиқиб, қомусий олимнинг жаҳон илми ривожига қўшган улкан ҳиссаси, ўтказилаётган анжуманнинг аҳамиятига тўхталди.

Таъкидланганидек, ўзининг ноёб асарлари ҳамда оламшумул кашфиётлари билан жаҳон илм-фани ва маданияти ривожига беқиёс ҳисса қўшган буюк мутафаккир ва қомусий олим, Илк Ренессанс даврининг ёрқин намоёндаси Абу Райҳон Берунийнинг илмий-маърифий меросини янада чуқур ўрганиш ва кенг тарғиб қилиш, ушбу йўналишда тадқиқотлар олиб бораётган етакчи халқаро илмий марказлар билан яқин ҳамкорлик ўрнатиш мақсадида давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 25 августда “Буюк мутафаккир ва қомусий олим Абу Райҳон Беруний таваллудининг 1050 йиллигини халқаро миқёсда кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Мазкур қарор асосида Абу Райҳон Беруний таваллудининг 1050 йиллигини нишонлаш бўйича ташкилий қўмита таркиби тасдиқланиб, республикамиздаги Абу Райҳон Беруний номи билан боғлиқ обида ва қадамжоларни, шу жумладан, унинг шарафига ўрнатилган ёдгорлик мажмуаларини мукаммал таъмирлаш ва уларнинг ҳудудларини ободонлаштириш, “Буюк Беруний мероси” халқаро сайёҳлик маршрутларини йўлга қўйиш белгиланди. Шунингдек, алломанинг илмий-ижодий меросига мансуб қўлёзма ва бошқа маданий бойликларни реставрация қилиш, уларни ишончли сақлаш учун зарур шароит яратиш, олим меросини ўрганиш мақсадида халқаро миқёсда кенг кўламли илмий изланишлар олиб бориш ва уларнинг натижаларини эълон қилиш, шу мавзуда илмий, бадиий-публицистик асарлар яратиш, хорижий олимларнинг асарларини ўзбек ва қорақалпоқ тилларида нашр қилиш ишлари амалга оширилди.

Жаҳон тамаддунига улкан ҳисса қўшган буюк мутафаккир ва қомусий олимнинг илмий-маърифий меросини халқаро даражада чуқур ўрганиш ва кенг тарғиб қилиш, сунъий идрок соҳасида одоб-ахлоқ, инклюзивлик ва маданий хилма-хилликни рағбатлантириш, Ўзбекистон ва ЮНЕСКО ўртасидаги илмий-маданий алоқаларни янада кенгайтириш мақсадида Президент қарорига мувофиқ, Абу Райҳон Беруний номидаги ЮНЕСКО – Ўзбекистон халқаро мукофоти таъсис этилди.

Мазкур қарор билан Париж шаҳридаги (Франция) ЮНЕСКО бош қароргоҳида 2023 йил 4-8 сентябрь кунлари Абу Райҳон Беруний ҳаёти ва ижодига бағишланган халқаро кўргазма ва тадбирларга тайёргарлик кўриш ҳамда уларни ўтказиш бўйича чора-тадбирлар режаси ҳам тасдиқланди. Кўргазмада тақдим этиш учун дунё кутубхоналарида сақланаётган нодир қўлёзмалар нусхаларидан иборат махсус каталог инглиз ва ўзбек тилларида чоп этилди.

Анжуманда бир қатор олимлар ҳамда илмий ходимларнинг Беруний меросининг турли жиҳатлари тўғрисида маърузалари тингланди.

Абу Райҳон Берунийнинг илмий ижодини ўрганиш ҳамда кенг жамоатчиликка тарғиб қилишдаги буюк хизматлари учун Берунийшунослик илмий маркази директори, фалсафа фанлари доктори, профессор Бахтиёр Каримов ҳамда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Қурбон Муҳаммад Ризо “Беруний авлодлари” жамоат фондининг кўкрак нишони билан тақдирланди.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири