Ҳуқуқий муносабат

Кейинги пайтларда ҳайдовчилар муддати ўтиб кетган маъмурий жазо қўллаш тўғрисидаги қарорларни олгани кузатилмоқда. Қонунчилик бўйича улар бундай қарорни қанча муддатда олиши керак?  

Тошкент давлат юридик университети Юридик клиникаси ходими Айгерим Арипбаева бу саволга жавоб берди:  

– Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 305-моддаси 1-қисмига биноан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш ишни кўришга ваколатли орган (мансабдор шахс)га, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённома ва бошқа ҳужжатлар келиб тушган кундан бошлаб ўн беш кун ичида кўриб чиқилади

Ички ишлар вазирининг “Йўл ҳаракати қоидаларининг бузилишига доир маъмурий ишларни кўриб чиқиш тартиби тўғрисидаги йўриқномани тасдиқлаш ҳақида”ги буйруғининг 27 – бандида ҳам ўн беш кунлик муддат кўрсатиб ўтилган.

Мазкур буйруққа кўра, маъмурий иш бўйича қарор қабул қилинганидан кейин бу ҳақда фуқаро хабардор қилинади. Ёки қарор нусхаси у чиқарилган пайтдан бошлаб уч кун ичида почта хизмати орқали фуқаронинг яшаш манзилига юборилади.

Гулноза Бобоева, ЎзА