Президент Шавкат Мирзиёев раислигида камбағалликни қисқартириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш орқали солиқ базасини кенгайтириш бўйича видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтмоқда.

Солиқ идоралари қўшимча манбалар топиш ўрнига эски замон касалига берилиб, ишлаётган тадбиркорларнинг тайёр маблағларини ундиришга ўрганиб олгани қайд этилди.

Масалан, 2022 йилда тадбиркорлар томонидан ортиқча тўланган солиқлар ҳажми 320 миллиард сўмга ошиб, 4,4 триллион сўм бўлган.

–Афсуски, солиқ ходимлари ўртасида коррупциявий жиноятлар сони йилдан-йилга кўпаймоқда, – деди Президент.

Бош Прокуратура ҳузуридаги Департамент назоратни сусайтириб юборгани танқид қилиниб, унга солиқчилар томонидан ортиқча тўловлар ундириш, уларни вақтида қайтармаслик, текширишдаги сохтакорлик каби қонунбузилишларни олдини олиш бўйича амалий тизим яратиш топширилди.

Шунингдек, бюджет тушумларини таъминлаш ва тадбиркорлар фаолиятини текширишда йўл қўйган камчиликлари учун:  

– Андижон ва Сирдарё вилоятлари солиқ бошлиқлари ҳамда Солиқ қўмитасининг йирик солиқ тўловчилар билан ишлаш инспекцияси бошлиғи вазифасини бажарувчисини лавозимидан озод қилиш;  

– Иқтисодиёт ва молия вазирининг солиққа масъул ўринбосари Д.Султонов, Солиқ қўмитаси раиси ўринбосарлари М.Мирзаев, Ж.Абдиев, С.Эшматов, М.Маҳкамов, Тошкент шаҳар солиқ бошқармаси бошлиғига ҳайфсан эълон қилишга кўрсатма берилди.  

ЎзА