Бу кластер Ўзбекистон Президентининг 2021 йил 11 ноябрдаги қарорига асосан ташкил қилинган эди. Машинасозликдаги 5 та корхона қувватлари мақбуллаштирилиб, Чирчиқ қишлоқ хўжалиги техникаси заводи негизида тўлиқ циклли кластер тизими йўлга қўйилди. Бунинг учун қарийб 38 минг квадрат метр янги иншоотлар қурилиб, 35 минг квадрат метрдан зиёд мавжуд бинолар таъмирланди.

Кластер йилига 15 минг дона трактор, тиркама ва бошқа техникалар ишлаб чиқариш қувватига эга. Мингта иш ўрни яратилган. Яна бир муҳим томони, тармоқ корхоналари орасида кооперация кенгайиши, харажатлар ва маҳсулот таннархи қисқаришига эришилган.

Яқинда кластерда биринчи маҳаллий маҳсулот – универсал трактор ишлаб чиқарилди. Президент Шавкат Мирзиёев унинг илк намуналарини кўздан кечирди.

Шунингдек, комбайн ишлаб чиқариш ҳам йўлга қўйилмоқда. Бу ишларни давом эттириб, импорт маҳсулотларни маҳаллийлаштириш, бу жараёнга хусусий секторни жалб этиш муҳимлиги таъкидланди.

– Қишлоқ хўжалигимизда техникага талаб катта. Бизга арзон, муқобил, тежамкор техника керак. Бунинг учун маҳаллийлаштириш ва таннарх бўйича ишлаш зарур. Деҳқонларга арзон техника етказиб бермасак, манфаатдорлик бўлмайди, – деди Шавкат Мирзиёев.

Давлатимиз раҳбари техникаларга хизмат кўрсатишнинг аҳамиятига алоҳида тўхталди.

– Бу кластер фақат сотувчи эмас, хизмат кўрсатувчи ҳам бўлиши керак, – дея таъкидланди.

Тошкент вилояти мисолида сервис масканлари ташкил этиш, ёшларни бепул ўқитиб, сифатли хизматларни йўлга қўйиш бўйича топшириқ берилди.

Кластерда илм-фан ва ишлаб чиқаришни уйғунлаштиришга алоҳида эътибор қаратилган бўлиб, шу мақсадда замонавий илм маркази ишга туширилди. Бу ерда Германия ва Швеция компанияларининг таълим марказлари билан ҳамкорликда узлуксиз дуал таълим шаклидаги ўқув жараёнлари йўлга қўйилган. Шу билан бирга, олий таълим муассасалари талабалари назарий билимларини кластерда амалиёт билан мустаҳкамлаб боради.

Президентимиз маҳсулотлар намуналарини кўздан кечирди, мутахассислар билан суҳбатлашди.

– Ҳозир жойларда, кластерларда пахтани машинада териш 50 фоизга яқинлашмоқда. Бу йил 6 ойда мева-сабзавотнинг ўзидан 550 миллиондан кўп экспорт қилдик, яқин келажакда 2-3 миллиардга етказмоқчимиз. Қишлоқ хўжалигининг барча тармоқларида яна лойиҳалар кўп. Уларда маҳсулдорликни ошириш, одамлар меҳнатини енгиллаштириш учун сифатли, хамёнбоп техникалар зарур, – деди Президент.

Кластер фаолиятида муқобил электр энергияси манбаларидан фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, 20 минг квадрат метр майдонда қуёш батареяларини ўрнатилди. Бу кластернинг электр энергиясига талабининг 30 фоизигача таъминлаши мумкин.