Ҳаракатланувчи таркибга сифатли техник хизмат кўрсатиш ва жамоат транспорти соҳасида замонавий илғор рақамли технологияларни жорий этиш тажрибасини ўрганиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳамда “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ вакилларидан иборат делегация жорий йилнинг 19-26 июль кунлари Хитой Халқ Республикасида хизмат сафарида бўлди.

Хизмат сафари давомида “Yutong Bus Co., Ltd”, “King Long”, “Magnetic North”, “Hikvision” компанияларига ташриф амалга оширилди ва мутахассислар компанияларнинг ишлаб чиқариш жараёнлари билан яқиндан танишди. Шунингдек, бир қатор йўналишларда ҳамкорлик қилиш масалалари юзасидан музокаралар ўтказилди.

Хусусан, “Yutong Bus Co., Ltd” компанияси билан иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва алоқаларни янада кенгайтириш мақсадида уч томонлама меморандум имзоланди. Шу билан бирга, томонлар ҳайдовчисиз ҳаракатланадиган автоном транспорт воситалари соҳасида ўзаро ҳамкорликда лойиҳаларни амалга оширишга келишди.

“Hikvision” компанияси вакиллари билан бўлиб ўтган музокаралар якунига кўра, инновацион видеокузатув тизимлари ва сунъий интеллект технологиясига асосланган интеграциялашган хавфсизлик ечимларини тақдим этиш бўйича “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ билан икки томонлама меморандум имзоланди.

Келгусида “Magnetic North” компанияси билан ақлли транспорт тизимини йўлга қўйиш масалаларида ҳамкорликда ишлаш режалаштирилди. Хусусан, компания билан Ўзбекистон Республикасининг интеллектуал транспорти бўйича тўлиқ ечимларни тақдим этиш, жумладан, ишлаб чиқиш, лойиҳалаш, ўрнатиш, ишга тушириш, ўқитиш, техник хизмат кўрсатиш ва такомиллаштириш бўйича икки томонлама меморандум имзоланди.

 

Муҳайё Тошқораева,

ЎзА