Покистон Вазирлар Маҳкамаси август ойида амалдаги Миллий ассамблея (парламент қуйи палатаси) муддати тугаганидан кейин истеъфога чиқади. Бу ҳақда Покистон бош вазири Шаҳбоз Шариф маълум қилди.

“Ҳукумат кейинги ойда Миллий ассамблеянинг беш йиллик ваколат муддати тугаши муносабати билан тарқатиб юборилганидан сўнг истеъфога чиқади”, – деган Шариф пайшанба куни Даwн нашрига.

Покистон парламенти қуйи палатаси ваколати 12 августда тугайди. «Ҳукумат 14 августдан кечиктирмай истеъфога чиқади, бу Покистонда икки ойдан сўнг – октябрь ёки ноябрда навбатдаги умумий сайловларни ўтказишга имкон беради. Сана сайлов комиссияси томонидан белгиланади», – дея қўшимча қилган Шариф.

Даwн нашрига кўра, вазирлар маҳкамаси раҳбари Покистон Президенти Ориф Алвийга Миллий ассамблеяни муддатидан олдин тарқатиб юбориш сўрови билан мурожаат қиладими ёки йўқми, аниқлик киритмаган. Агар бу содир бўлса, конституцияга мувофиқ парламент сайловлари қуйи палата муддатидан олдин тарқатилганидан кейин 90 кундан кечиктирмай ўтказилиши мумкин.

Покистондаги ҳукмрон коалициядаги партиялар, энг йириклари Шариф бошчилигидаги Покистон мусулмон лигаси ва Покистон халқ партияси ҳалигача Миллий ассамблеяни муддатидан олдин тарқатиб юбориш зарурати бўйича консенсусга эришмаган, деб ёзмоқда маҳаллий ОАВ.

Парламент сайловлари вақти ҳақидаги савол ҳозир Покистон сиёсатчилари учун энг долзарб масала бўлиб турибди. Қолаверса, Покистоннинг энг йирик мухолифат партияси, собиқ бош вазир Имрон Хон бошчилигидаги “Адолат учун ҳаракат” (АУҲ) ҳокимият тепасига қайтиш учун сайловлар тезроқ ўтишини талаб қилмоқда.

Январь ойида АУҲ Хайбер-Пахтунхва ва Панжоб вилоят қонун чиқарувчи органларини тарқатиб юборди, бу ҳукмрон альянсни бошқа музофот қонун чиқарувчи органларини тарқатиб юборишга ва апрелда муддатидан олдин парламент сайловларини ўтказишга мажбур қилади, дейилмоқда. Бироқ расмийлар мухолифатнинг ушбу режаларини бузиб, Миллий ассамблеяга номзодлар учун овоз бериш шу йилнинг кузидан эрта ўтказилишини таъминлашга муваффақ бўлган.

С.Раҳимов, ЎзА