АҚШ Президенти Жо Байден ва Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди Украинанинг ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлаб, ушбу ҳарбий низонинг инсонлар учун “даҳшатли ва фожиали оқибати”дан чуқур хавотир билдиришди.

Кеча Вашингтонда Байден ва Моди учрашуви бўлиб ўтди. Мулоқот якуни бўйича қабул қилинган қўшма баёнотда икки етакчи “халқаро ҳуқуқ, БМТ Низоми тамойиллари ҳамда ҳудудий яхлитлик ва суверенитетни ҳурмат қилиш” зарурлигини қайд этишди.

Ҳужжатда, шунингдек, “Раҳбарлар зиддиятнинг глобал иқтисодий тизимга, жумладан, озиқ-овқат, энергетика хавфсизлиги ва муҳим таъминот захирасига жиддий, ортиб бораётган таъсирини таъкидлаган. Барчани ҳарбий ҳаракатлар оқибатини, айниқса, ривожланаётган мамлакатларда юмшатиш бўйича саъй-ҳаракатни кучайтиришга чақиришган”.

Ҳиндистон ва Қўшма Штатлар ўртасидаги дўстлик пандемиядан кейинги мураккаб даврда бутун дунёга куч беради, деди Моди.

Бош вазирнинг Президент билан учрашув бошланишидан олдин берган баёнотида яна шундай сўзлар бор:

– COVIDдан кейин дунё тартиби янгича шакл намоён этди. Бу даврда Ҳиндистон ва Қўшма Штатлар тинчлик, барқарорлик ва фаровонлик учун глобал миқёсда ҳамкорлик қилиш тарафдори.

У нутқида ҳинд жамиятининг АҚШдаги муҳим ролини ҳам қайд этди:

– Ҳинд ҳамжамияти аъзолари машаққатли меҳнат ва фидойилик билан Ҳиндистон шон-шуҳратини АҚШда ҳам мустаҳкамламоқда!

ЎзА