Икки кун триатлон бўйича халқаро мусобақаларга мезбонлик қилган Самарқандда 11 июнь куни триатлон бўйича Ўзбекистон чемпионати баҳслари бўлиб ўтди.

Унда 300 нафар иштирокчи стандарт ва супер-спринт масофаларида элита, U-23, 15-17 ёшлилар ва 16-19 ёшли ўсмирлар ўртасида миллий ва ёшлар терма жамоасига саралаш баҳсларида иштирок этди.

Мусобақада профессионал спортчилар олимпия дастурида 1500 метр масофага сузиш, 40 километр велосипед пойгаси, 10 километр югуриш, ҳаваскорлар эса супер-спринт дастурида 350 метр масофага сузиш, 13 километр велопойга, 3 километр югуриш баҳсларида ўз имкониятларини синовдан ўтказди.

Мусобақа натижасига кўра, U-23 тоифасининг элита дастурида эркаклар ўртасида тошкентлик триатлончи Александр Куришовга тенг келадигани топилмади. Иккинчи ўринни яна бир тошкентлик триатлончи Юрий Галушко ва учинчи ўринни фарғоналик спортчи Зоҳид Адҳамов қўлга киритди.

Аёллар баҳсида маррага биринчи Алина Ҳакимова, иккинчи наманганлик Ойдин Икромова етиб келди.

U-23 баҳсининг олимпия йўналишида қашқадарёлик спортчи Арслон Турсунов ғолиб бўлди. Иккинчи бўлиб маррага тошкентлик спортчи Камрон Ходжаев, учинчи бўлиб Қорақалпоғистон Республикаси вакили Дилшод Рўзметов етиб келди. Аёллар баҳсида Тошкент вилояти вакиласи Муслима Жумабоева биринчи, қашқадарёлик спортчи Малика Тошпўлатова иккинчи бўлди.

15-17 ёш тоифасида эркаклар ўртасида биринчи ва иккинчи ўринларни андижонлик спортчилар Муҳаммадюсуф Абдухалилов ва Азизилло Абдулҳодиев қўлга киритган бўлса, учинчи ўрин тошкентлик триатлончи Эгор Эгоровга насиб этди. Аёллар баҳсида қашқадарёлик Надежда Трошина биринчи бўлди. Кейинги ўринларни тошкентлик спортчилар Даяна Лукиенко ва Диана Бектемирова эгаллади.

16-19 ёш тоифасида эркаклар ўртасида тошкентлик спортчилар Султон Алиев, Абдуллажон Қорабоев ва Икромхон Умаров марра чизиғини кетма-кетликда босиб ўтди. Аёллар беллашувида Навоий вилояти шарафини ҳимоя қилган Дилнура Холниёзова биринчиликни қўлга киритди. Кейинги ўринларни қашқадарёлик Элнора Ҳақназарова ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси вакиласи Машҳура Юсупбоева банд қилди.
Шунингдек, чемпионат давомида ҳаваскор триатлончилар турли ёш тоифасида жамоавий ва яккалик баҳсларида қатнашиб, ғолибликни қўлга киритди.

Чемпионатнинг тақдирлаш маросимида Халқаро триатлон федерацияси президенти Марисол Касадо, Ўзбекистон триатлон федерацияси раиси Виктор Маҳмудов ва Самарқанд вилояти ҳокими Э.Турдимов иштирок этиб, мусобақа ғолибларига диплом, пул мукофоти ва эсдалик совғаларини топширди.

Ғ. Ҳасанов, 
А. Исроилов (сурат), ЎзА