Стратегик тадқиқотлар ва халқаро алоқалар бўйича икки мутахассис – Ўзбекистон Республикаси “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков ҳамда қатарлик эксперт, доктор Аҳмад Муҳаммад Ғайс Ал-Куварий Қатар ахборот агентлиги (QNA)га махсус интервью бердилар. Мазкур баёнотда Амир Шайх Тамим бин Ҳамад Ол Сонийнинг мамлакатимизга ташрифи Марказий Осиё ва араб давлатлари ўртасидаги муносабат тарихида янги саҳифа очиши таъкидланган.
Э.Туляков ҳамкорларнинг улкан салоҳиятини ҳисобга олган ҳолда, мавжуд ҳамкорликни мустаҳкамлашга бўлган ёндашув ҳар икки томон учун манфаатли эканига урғу берди. Шу маънода айни воқеа шериклик борасида квант сакрашга эришиш йўлидаги муҳим ва стратегик қадам сифатида баҳоланиб, жорий алоқаларни мустаҳкамлаш бўйича стратегик йўналиш мавжудлигини тасдиқлайди. Араб дунёси, жумладан, Қатар давлати, айниқса, Ўзбекистонни араб давлатлари билан боғлайдиган кўплаб умумий томонлар орқали кенг қамровли стратегик мулоқотга йўл очади.
– Ушбу ҳамкорлик, жумладан, Қатарнинг сўнгги йилларда намоён бўлган халқаро обрўси, қурилиш соҳасида тўплаган бой тажрибаси туфайли жуда муҳим, деб ҳисоблаймиз, – деди Туляков. – Инфратузилма ва ҳар томонлама ривожланиш жараёни, шунингдек, муваффақиятли ўтказилган футбол бўйича жаҳон чемпионати ҳам эътиборни тортади.
Қўшимча қилинишича, Ўзбекистон ривожланиш бўйича стратегик қарашга эга ва бу йўлда Қатар тажрибасидан фойдаланиш ҳам муҳим.
Сўзини якунлар экан, Элдор Туляков Ўзбекистон ва Қатар ўртасидаги савдо айирбошлаш кўрсаткичи Амир ҳазратлари ташрифидан сўнг ўсиш тенденциясига эга бўлишини таъкидлади. Сиёсий муносабат ҳамкорлик орқали ҳақиқатга айланишига ишонч билдирди.
– Қатар ва Ўзбекистон сўнгги йилларда ўзаро муносабатни турли даражада ривожлантириш сари олға интилишда катъият кўрсатди, – деди халқаро алоқалар бўйича эксперт, доктор Аҳмад Муҳаммад Ғайс Ал-Куварий. – Бир неча ҳафта олдин пойтахт Тошкентда Қатар элчихонаси очилиб, икки давлат ўртасидаги сиёсий мулоқотнинг навбатдаги давраси ўтказилди.
Унинг фикрича, Қатар ва Ўзбекистон ўртасида алоқа кўприкларини барпо этиш, савдо, қишлоқ хўжалиги ва саноат шериклигини йўлга қўйиш Қатарнинг 2030 йилгача мўлжалланган миллий қарашлари асосидаги ҳаракат йўналиши ва иқтисодий стратегиясига ҳамоҳанг.
Муҳаррама Пирматова,
ЎзА