Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, жорий йилнинг 4 июнь куни Тошкент шаҳар Сергели тумани ҳудудидан оқиб ўтувчи “Салар” каналида сув оқимининг меъёридан ошиқ оқиши сабабли сув тошиши ҳодисаси кузатилган.
Сув тошиши оқибатида «Жунариқ» кўчасида жойлашган 7 та уй ертўласи, ҳовли ва 3 та ишлаб чиқариш цехи ҳудудига сув тўпланган.
Хабарда қайд этилишича, воқеа жойига ФВВ қутқарувчилари етиб бориб, аҳоли хонадонларига сув тошиш ҳолатини тўлиқ тўхтатган. Ҳозирда махсус техникалар ва сув тортиш мосламаси (мотопомпа)лар ёрдамида қолдиқ сувларни тортиш ишлари амалга оширилмоқда.
Қайд этилишича, ҳодиса оқибатида тан жароҳати олган ва ҳалок бўлганлар йўқ. Уйларнинг деворларига зарар етмаган.
Ш.Маматуропова,
ЎзА