ХХР ва АҚШ низоси дунё учун “улкан ҳалокат”га айланиши мумкин, деди Хитой мудофаа вазири Ли Шанфу ҳар йили бўлиб ўтадиган “Шангри-Ла мулоқоти” саммитида сўзга чиқиб.

Унинг сўзларини “Reuters” агентлиги қуйидагича келтиради: “Хитой ва АҚШ ўртасида юз бериши мумкин бўлган жиддий можаро ёки қарама-қаршилик дунё учун улкан фалокатга айланишини инкор қилиб бўлмайди”.

Ли таъкидлашича, Хитой АҚШ билан қарама-қаршиликни эмас, аксинча мулоқотни маъқул кўради, гарчи, икки мамлакат кўп жиҳатдан фарқланса-да. “Бинобарин, бу ҳолат икки томон учун ҳам ўзаро алоқани ривожлантириш ва ҳамкорликни чуқурлаштиришда умумий манфаатли нуқталарни топишга ҳалақит бермайди”, – дейди у. Вазирнинг қўшимча қилишича, Хитой ва АҚШ биргаликда ривожланиши учун дунё етарли даражада кенг.