1 июнь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг навбатдаги – қирқ биринчи ялпи мажлиси ўз ишини бошлади.

Сенат раиси Танзила Норбоева бошқараётган мажлисда  сенаторлар, ҳукумат аъзолари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этмоқда.

Видеоконференцалоқа тизимидан фойдаланган ҳолда ўтказилаётган ялпи мажлисда қатор қонун ва масалаларни муҳокама қилиш режалаштирилган.

“Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида”, “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига норасмий бандликни қисқартиришга қаратилган ўзгартишлар ва қўшимча киритиш тўғрисида”, “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига Қорақалпоғистон Республикасида инвестиция ва ишбилармонлик муҳитини яхшилашга қаратилган қўшимчалар киритиш тўғрисида”, “Экология ва жамоат тартибини сақлаш соҳаларидаги қонунчилик такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”, “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартишлар киритиш ҳақида»ги қонунлар шулар жумласидандир.

Шунингдек, “Телекоммуникациялар соҳасида айрим фаолият турларини амалга оширганлик учун давлат божи миқдорлари мақбуллаштирилиши муносабати билан “Давлат божи тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”, “Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 483-моддасига қўшимча киритиш тўғрисида»ги қонунлар кўриб чиқилади.

Шу билан бирга сенаторлар Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг 2022 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботини эшитади.

Ялпи мажлисда кўриб чиқиладиган барча масалалар ҳақида сайтимизда батафсил ёритиб борамиз. Бизни кузатиб боринг!

 

Н.Абдураимова, ЎзА