Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни байрами муносабати билан Қорақалпоғистон Республикаси Қонликўл тумани “Наврўз” овул фуқаролар йиғини ҳудудида олтмиш ўринга мўлжалланган 16-сонли мактабгача таълим ташкилотининг янги биноси фойдаланишга топширилди.
Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 18 мартдаги “2022 – 2026 йилларда “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори ижросини таъминлаш доирасида умумий қиймати 2,8 миллиард сўм бўлган бино қурилиши “Nukus Turan” масъулияти чекланган жамияти қурувчилари томонидан амалга оширилди. Янги бинонинг фойдаланишга топширилиши “Охун овул” болаларига ҳақиқий байрам туҳфаси бўлди. Таъкидлаш лозимки, бугунги кунда туманда 3-7 ёшдаги 4 минг 85 нафар бола бўлиб, шундан 3 минг 137 нафари мактабгача таълим ташкилотларида тарбияланмоқда. 2022 йил охирида болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш даражаси 72,9 фоиз бўлган бўлса, бугунги кунда 76,7 фоизни ташкил этмоқда.
Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА мухбири