Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти (СМТИ) директори бошчилигидаги мамлакатимиз делегацияси Рим шаҳрида “Ўзбекистон – Италия: ҳамкорликнинг янги қирралари” мавзусидаги давра суҳбатида иштирок этди.

Италия Ташқи ишлар вазирлиги ҳузурида фаолият юритувчи етакчи таҳлилий ва тадқиқот тузилмаларидан бири – Халқаро ташкилотлар жамияти билан ҳамкорликда ўтказилган тадбирда давлат идоралари, етакчи компаниялар, олий ўқув юртлари ва илмий-тадқиқот институтлари вакиллари иштирок этди.

Анжуманда сиёсий, иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳалардаги икки томонлама ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва алоқаларни янада ривожлантириш истиқболи юзасидан атрофлича фикр алмашилди. Шунингдек, Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги ҳамкорлик масаласи ҳам кўриб чиқилди.

Давра суҳбатида сўзга чиққан Элдор Aрипов ўтган ўттиз йилдан ортиқ вақт давомида Италия Ўзбекистоннинг Европадаги ишончли шериги сифатида мамлакатимиз барқарор ривожланишига муносиб ҳисса қўшиб келаётганини алоҳида таъкидлади.

Қайд этилишича, амалга оширилаётган Янги Ўзбекистонни ривожлантириш стратегияси ва Конституциянинг янгиланган таҳриридан келиб чиқадиган вазифалар ўзаро муносабатни чуқурлаштириш учун янги истиқбол очмоқда.

Рим Ўзбекистондаги ислоҳотларни тўлиқ қўллаб-қувватлайди. Бу ҳамкор давлат мамлакатимиз демократик институтларини ривожлантириш, иқтисодиётни либераллаштириш ва диверсификация қилиш борасида олиб борилаётган изчил сиёсатни юксак баҳолайди.

Италиялик экспертлар нафақат Рим, балки Европа Иттифоқида ҳам Ўзбекистон амалга ошираётган кенг кўламли ислоҳотларни катта қизиқиш билан кузатади, шу орқали, энг аввало, халқ фаровонлигини таъминлаш вазифаси устувор эканини тасдиқлайди.

Италиянинг Тошкентдаги элчиси Aгостино Пинна сўзларига кўра, 2017 йилдан Ўзбекистонда изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Янги конституциявий ислоҳот бозор иқтисодиёти учун янада мустаҳкам пойдевор яратди: тадбиркорлик фаолияти учун асосий эркинлик ва кафолат мустаҳкамланмоқда, хусусий мулк ҳимояси кучайтирилмоқда.

Дипломат Италия – Ўзбекистон муносабати айнан шундай жадал ва изчил ривожланаётган парадигмада гуллаб-яшнаётганига урғу берди.

2022 йил якунига кўра, товар айирбошлаш 32 фоиз ўсиб, 535,4 миллион еврога етди. Натижада Италия Ўзбекистоннинг Европадаги учинчи йирик савдо ҳамкорига айланди.

Италия бизнесининг Ўзбекистонга қизиқиши ўзаро уйғун хусусиятга эга бўлиб, изчил кучайиб бораётгани аҳамиятга молик. Кейинги йиллари республикамизда Италия капитали иштирокида кончилик, металлургия, нефть-кимё ва электротехника саноати, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш каби янги соҳаларни қамраб олган корхоналар сони икки баробар ошди. Сўнгги тўрт йил ичида ўзлаштирилган Италия инвестицияси миқдори етти баробар кўпайиб, 7,1 миллион доллардан 49,6 миллион долларга кўтарилди.

Италия халқаро ташкилотлар жамияти президенти Рикардо Сесса “Ўзбекистон ва Италия кўп асрлик дўстлар” эканини алоҳида қайд этди. Унинг фикрича, икки давлатни узоқ йиллик тарихий ва цивилизацион алоқалар боғлаб туради. Замонавий Ўзбекистон Римнинг Марказий Осиёга қаратилган сиёсатида муҳим ўрин эгаллайди. Мустаҳкам ички барқарорлик ҳамда Тошкентнинг ўзаро манфаатли минтақавий сиёсати Ўзбекистонни Марказий Осиёдаги муҳим ҳамкорга айлантирмоқда.

Унинг сўзларига кўра, туб ўзгаришлар туфайли Италиянинг Ўзбекистон билан ҳамкорликка стратегик қизиқиши ортмоқда. Парламентлараро алоқа фаоллашмоқда, Ўзбекистон ва Италия вазирлик, идоралари даражасидаги муносабатлар жадал равнақ топмоқда.

Давра суҳбати якунида томонлар ўзаро экспертлар мулоқотини янада ривожлантириш, Ўзбекистон ва Италиянинг таҳлилий институтлари ўртасидаги алоқани кенгайтириш бўйича келишувга эришди.

Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти ва Италия халқаро ташкилотлар жамияти ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланди.

Ҳужжатда икки давлатнинг таҳлилий марказлари ўртасида қўшма илмий лойиҳалар амалга ошириш, томонларни қизиқтирган масалалар юзасидан изчил равишда форум, семинар ва давра суҳбатлари ташкил этиш орқали ҳамкорликни ва мунтазам ишчи алоқани йўлга қўйиш кўзда тутилган.

Ғ.Хонназаров тайёрлади.

ЎзА