Туркиянинг амалдаги раҳбари Режеп Таййип Эрдоған мамлакатдаги президентлик сайловларида ғолиб, деб эълон қилинди. Бу ҳақда 28 май якшанба оқшомида Марказий сайлов комиссияси раиси Аҳмет Йенер маълум қилди.
Сайлов бюллетенларининг 99,85 фоизи қайта ишлангандан сўнг Эрдоған сайловнинг иккинчи босқичида 52,16 фоиз овоз тўплади. Мухолифат номзоди Камол Қиличдорўғли 47,84 овоз олди.
Мухолифат агентлигига яқин “Anka” агентлиги ҳам бу маълумотларни тасдиқлади.
Эрдоған Истанбулда тарафдорлари олдида сўзлаган нутқида “президентлик сайловларининг иккинчи босқичини халқимизнинг хайрихоҳлиги билан якунладик. Бизга демократия байрамини тақдим этгани учун халқимга миннатдорлик билдираман”, деган.
“Келгуси беш йил давомида давлатни бошқариш масъулиятини бизга яна бир бор ишониб топширган халқимизнинг барча вакилларига ўзлари танлаган танловлари учун раҳмат”, деб қўшимча қилган у.
Қиличдорўғли ҳам билвосита мағлубиятини тан олди ва мамлакатнинг бундан кейин катта муаммоларга дуч келиши тўғрисидаги хавотирини билдирди. Сайловдан кейинги биринчи нутқида у демократия учун курашни давом эттиришини айтди.
Биринчи турда 69 ёшли Эрдоған ғалаба қозониши учун етарли овоз тўплай олмаганди, у сайловчиларнинг 49,5 фоиз, 74 ёшли Қиличдорўғли эса 44,9 овоз олган эди. Ўта миллатчи қарашлар номзоди Синан Оган беш фоиз билан учинчи ўринни эгаллаганди.
Қиличдорўғли сайловчиларни Эрдоғаннинг 20 йиллик “авторитар бошқаруви”га барҳам беришга чақирди.
Эрдоған 2003 йилдан бери Туркияни бошқариб келади. 2014 йилга қадар у Бош вазир, кейинги йилларда президент лавозимларида ишлаб келмоқда.
ЎзА