Президент Шавкат Мирзиёев 26 май куни “Тошшаҳартрансхизмат” акциядорлик жамияти тизимидаги 7-автобус саройини бориб кўрди.
Аҳолининг кундалик ҳаётига дахлдор ҳар бир масала давлатимизнинг эътиборида. Хусусан, жамоат транспорти тизими ўсиб бораётган талабдан келиб чиқиб ривожлантирилмоқда.
Сўнгги йилларда Тошкент шаҳри ҳам энига, ҳам бўйига ўсди. Муқим аҳоли, вақтинча яшовчилар, туристлар, талабалар сони ошди. Илгари шаҳарда кунига 800-900 минг йўловчи жамоат транспортидан фойдаланган бўлса, ҳозирда бу кўрсаткич 1 миллион 300 мингдан ошган. Шу боис автобуслар етишмаслиги, кутиш вақти кўплиги каби муаммолар юзага келган эди.
Давлатимиз раҳбари ўтган йил 13 декабрь куни пойтахтмиздаги 18-автобус саройида бўлиб, бу аҳволни ўзи кўрган, янги автобуслар олиб келиш ва йўловчиларга қулайликларни ошириш бўйича топшириқлар берган эди. Шундан келиб чиқиб, жорий йил 16 февралда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Жамоат транспорти тизимини ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Бу галги ташриф чоғида Шавкат Мирзиёев соҳадаги вазифалар ижроси билан танишди.
Апрель-май ойларида Тошкент шаҳрига 755 та замонавий автобус олиб келиниб, йўловчилари энг кўп йўналишларга қўйилган. Натижада автобусларнинг кунлик сони 1 минг 400 тага етган, 9 та қўшимча йўналиш очилган. Яқин кунларда яна 245 та автобус келтирилади.
Жумладан, 7-автобус саройи шу пайтгача 18 та йўналишда кунига 90 минг йўловчига хизмат кўрсатар эди. Яқинда унинг парки 67 та янги транспорт билан бойиди. Табиийки, йўловчи ташиш қуввати ошиб, автобусларнинг оралиқ вақти қисқарди.
Мутасаддилар Тошкент шаҳрининг янгиланган Транспорт бош режаси бўйича ҳам ахборот берди. Қайд этилганидек, у шаҳарнинг кенгайиши ва йўловчилар оқими таҳлили асосида, 167 та йўналишдан иборат тарзда ишлаб чиқилган. Шундан 17 тасида кунлик режа белгилаш тартиби бекор қилиниб, босиб ўтилган масофага қараб ҳисоб-китоб тизимига ўтилган. Июнь-июль ойларида қолган 150 та йўналиш ҳам тендер савдолари орқали шундай тизимга ўтказилади. Натижада қатновлар мунтазамлиги таъминланади, хизмат сифати ошади.
Бунда ҳайдовчиларнинг малакаси ҳам жуда муҳим. Шу боис Транспорт университети ва бошқа ўқув марказларида ҳайдовчиликка ўқитиш ҳамда қайта тайёрлаш йўлга қўйилган. Автобус ҳайдовчиларининг ойлик маошлари икки баробар оширилиб, йил бошидан бери мингдан зиёд ҳайдовчи ишга қабул қилинган.
Давлатимиз раҳбари автобусларга сифатли сервисни йўлга қўйиш муҳимлигини таъкидлади. Йўлкира тўлови тизимини тартибга солиш, ҳаракат назоратини рақамлаштириш, бекатларда шароитларни яхшилаш бўйича кўрсатмалар берди.
– Янги автобуслар, албатта, халқимизга қўшимча шароит яратди, – деди Шавкат Мирзиёев. – Эндиги вазифа йўлларда тирбандликни камайтириб, автобусларнинг эркин ҳаракатини таъминлаш. Пировард мақсад – Тошкентда жамоат транспорти қамровини 2 миллион йўловчига етказиш.
Президент автобусга ўтириб, оддий йўловчилар билан бирга йўналиш бўйлаб юриб кўрди.