Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси, мамлакат Велосипед спорти федерацияси раҳбари Танзила Норбоева Осиё велоспорт конфедерацияси президенти Осама Ал-Шафарни қабул қилди.

Учрашувда юртимизда велоспортни янада ривожлантириш, велосипед спорт турларини аҳоли ўртасида оммалаштириш, ёшлар ва хотин-қизларни ушбу спорт турига кенг жалб қилиш, профессионал спортчиларни тайёрлаш, Осиё велоспорт конфедерацияси билан ҳамкорликда истиқболли режаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Мулоқот давомида Ўзбекистон велосипед спорти федерацияси кўзга кўринарли ютуқларга эришаётгани, Ўзбекистон эркаклар ва аёллар терма жамоалари UCI Олимпия рейтингидан жой олгани, эркаклар терма жамоаси UCI халқаро рейтингида 52-ўриндан 34-ўринга, аёллар терма жамоаси 22-ўриндан 17-ўринга кўтарилгани қайд этилди.

Ўз навбатида, Осама Ал-Шафар Ўзбекистонда велоспортни ривожлантириш юзасидан амалга оширилаётган саъй-ҳаракатларни, спортчилар учун яратилаётган шарт-шароитларни юқори баҳолаб, атлетларимизнинг қисқа давр ичида жаҳон велоспорт оламида ўз ўрнига эга бўлгани ва Осиё қитъаси ўзбекистонлик спортчиларнинг ютуқлари билан фахрланаётганини билдирди.

Шу билан бирга, Осиё велоспорт конфедерацияси бундан кейин ҳам Ўзбекистонда велоспортни ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишларни қўллаб-қувватлашга тайёр эканлигини қайд этди.

Суҳбат чоғида Ўзбекистонда велоспортнинг шоссе, тоғ ва трек турлари бўйича мусобақаларни ташкил этиш, Осиё чемпионатларини ўтказиш бўйича таклиф ва мулоҳазалар билдирилди.

Ўзбекистон велоспорт терма жамоасининг моддий-техник базасини янада мустаҳкамлаш, хорижий мураббийларни жалб этиш орқали спортчиларни келгусидаги йирик мусобақаларга пухта тайёрлаш каби устувор масалалар юзасидан ҳамкорликни янада кенгайтиришга келишиб олинди.


Т.Рўзиев, ЎзА