Хабар берганимиздек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Сингапур Республикаси Президенти Ҳалима Яқуб 23 май куни давлат ташрифи билан мамлакатимизга келди.

Сингапур Президенти Ҳалима Яқуб дастлаб “Янги Ўзбекистон” боғига ташриф буюрди. Олий мартабали меҳмон Мустақиллик монументи пойига гулчамбар қўйди.

Она Ватанимиз, мард ва жасур, тинчликсевар ва меҳнаткаш, қаҳрамон халқимиз шарафига бунёд этилган буюк обида – Мустақиллик монументи ҳақида  Президент Ҳалима Яқубга сўзлаб берилди. Ўз навбатида олий мартабали меҳмон “Янги Ўзбекистон” боғи, ҳудудда амалга оширилган бунёдкорлик ишларига юқори баҳо берди.

Шу ўринда энг юқори қисмида Ҳумо қуши тасвирланган мажмуа ҳақида қисқача тўхталиб ўтиш жоиз. У 2021 йил истиқлолимизнинг ўттиз йиллигига бағишлаб бунёд этилган. Унда мамлакатимизнинг қадим ва бой тарихи, бугунги куни билан боғлиқ энг муҳим воқеалар акс этади. Буюк аллома ва жаҳонгир боболаримизнинг сиймолари эса қалбларга ғурур бағишлайди.

Шу ерда Сингапур Президенти Ўзбекистонда фаолият юритаётган миллий маданий марказлар вакиллари билан ҳам учрашди.

Сингапур раҳбарининг ташрифи дастурида олий даражадаги музокаралар ўтказилиши кўзда тутилган.

Саммит кун тартибидан конструктив сиёсий мулоқотни янада ривожлантириш, минтақавий ва халқаро ташкилотлар доирасида ўзаро қўллаб-қувватлаш, икки мамлакат етакчи компания ва банк институтлари иштирокидаги инвестиция лойиҳаларига кўмаклашиш, маданий-гуманитар алмашинувни кенгайтириш масалалари ўрин олган.

Президент Ҳалима Яқуб Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси, юртимиздаги диний конфессиялар раҳбарлари билан ҳам учрашади, ишбилармон доиралар бизнес-форумининг очилишида ва қўшма таълим маркази фаолиятининг тақдимотида иштирок этади.

Бундан ташқари, Сингапур Президенти Самарқанд шаҳрига ташриф буюриб, Буюк ипак йўли чорраҳасида жойлашган ушбу кўҳна марказнинг бой маданий-тарихий ва цивилизациявий мероси билан танишади.

Таъкидлаш жоизки, Президент Ҳалима Яқуб мамлакатимизга жавоб ташрифи билан келмоқда. Жорий йилнинг январь ойида Ўзбекистон етакчиси Сингапурга давлат ташрифи билан борган эди.

Жорий йил бошидан ўзаро товар айирбошлаш 6 баробар кўпайди. Сингапур Ўзбекистоннинг энг йирик инвесторлари қаторига кирди. Бугунги кунда транспорт, энергетика, кимё ва тўқимачилик саноати, шаҳарсозлик, таълим ва бошқа йўналишларда умумий қиймати 3,8 миллиард долларлик лойиҳалар амалга оширилмоқда. Парламентлараро алмашинувлар ва маданий-гуманитар алоқалар фаол ривожланмоқда.

Сингапур Президенти Ҳалима Яқубнинг мамлакатимизга давлат ташрифи давом этмоқда.

Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ, Носиржон ҲАЙДАРОВ (сурат), ЎзА