Ўзбекистон давлат санъат музейида Ўзбекистон халқ рассоми, академик ижодкор Баҳодир Жалоловнинг “Мангуликдаги чизиқ” номли шахсий кўргазмаси бўлиб ўтмоқда.
Айтиш жоизки, Баҳодир Жалолов наинки Ўзбекистонда, балки халқаро миқёсда ҳам таниқли, юксак тан олинган, эътироф этилган, ижоди доимий қизиқиш билан кузатиб бориладиган мусаввирларимиздан саналади. Унинг асарлари, маҳобатли ижодий ишлари юртимиздаги музей ва бошқа маданий-маърифий бинолар, хориждаги бир қатор элчихоналар, коллекция ва галереяларни безаб турибди.
Баҳодир Жалолов асарларида руҳият, кайфият, инсон психологияси бор. Унинг асарлари инсон ва коинотнинг ўзаро муносабатлари, борлиқдаги баҳсли жараёнлар, умуман умр мавзусига теран фалсафий нигоҳ билан назар ташлашга ундайди.
Устоз мусаввир ижоди шуниси билан қадрлики, у ҳар бир томошабинни ўйга толдиради. Мўйқалам соҳиби одамларга картина орқали айтмоққа шайланган фикрларини уқишга, мағзини чақишга ундайди. Баҳодир Жалолов бугунги кунда ҳам шогирдларига тасвирий санъат сирларини ўргатишдан чарчамайди. Унинг дилкаш, самимий, бағрикенг, софдил инсон экани картиналарига ҳам кўчгани билан аҳамиятлидир.
Баҳодир Жалолов Ўзбекистон, Қирғизистон Бадиий академиясининг ҳақиқий аъзоси, Россия Бадиий академиясининг фахрий аъзосидир. Айни пайтда рассом Жанубий Кореянинг Тегу шаҳридаги Кемюнг университетининг рассомлик кафедраси профессоридир.
Устоз ижодкорнинг асарлари Ўзбекистон давлат санъат музейи, Ўзбекистон Тасвирий санъат галереяси, Нукусдаги Игорь Савицкий номидаги Қорақалпоғистон давлат санъат музейи, Москвадаги Третьяков давлат галереяси, Москва давлат замонавий санъат музейи, Букингем саройи (Лондон), Британия музейи ва бошқа кўплаб нуфузли масканларда сақланмоқда.
Устоз мусаввир асарларининг Ўзбекистон давлат санъат музейида бўлиб ўтаётган кўргазмаси мухлисларда катта қизиқиш уйғотмоқда.
Назокат Усмонова, ЎзА