Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига крипто-активлар айланмаси соҳасида лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомиллари тизимини такомиллаштиришга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда моддама-модда кўриб чиқилди.

— Бугунги кунда дунё бўйлаб чиқарилган крипто-активларнинг умумий сони 24 мингдан ортиқ бўлиб, уларнинг умумий капитализацияси қарийб 1,14 триллион долларни ташкил этмоқда. — деди депутат Жаҳонгир Абдурасулов. —Айни вақтда крипто-активлар айланмаси кўп мамлакатлар қатори Ўзбекистон ҳудудига ҳам кириб келган. Ушбу қонун лойиҳаси билан крипто-активлар айланмаси соҳасидаги хизматлар провайдерлари фаолиятини амалга ошириш учун лицензия берувчи орган сифатида Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги этиб белгиланмоқда. Қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш давомида депутатларимиз таклифларига кўра, бир қатор ўзгаришлар киритилди. Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши крипто-активлар айланмаси соҳасини янада ривожлантиришга ҳамда мазкур соҳада лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларидан ўтиш тизимини такомиллаштиришга хизмат қилади.

Муҳокамалар давомида халқ вакиллари қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда тайёрлаш жараёнида қўмита томонидан бир қатор ишлар амалга оширилгани, хусусан, лойиҳа матнида депутатлар томонидан берилган таклифлар, фикр-мулоҳазалар акс этганини алоҳида қайд этдилар. Шу билан бирга, лойиҳадаги айрим нормалар бўйича асосли саволлар кўтарилди ва уларга мутасаддилардан атрофлича жавоблар олинди.

Баҳс-мунозаралардан сўнг, қонун лойиҳаси қабул қилинди.


Муҳтарама Комилова, ЎзА