Самарқандда ўтказилаётган Европа Тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) Бошқарувчилар кенгашининг йиллик анжумани доирасида Ўзсаноатқурилишбанк ҳамда ЕТТБ ўртасида ҳажми 25 млн. долларга тенг келишув имзоланди.
Жорий йилнинг 16 май куни Самарқанд шаҳрида Европа тикланиш ва тараққиёт банки Бошқарув кенгашининг 32 йиллик йиғилиши ўз ишини бошлади.
“Мувофиқликка сармоя киритиш” (Investing in Resilience) мавзуида ташкил қилинган тадбирда 2 000 дан ортиқ юқори мартабали давлат амалдорлари, банк-молия муассасалари раҳбарлари ҳамда жаҳон оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этмоқда.
Анжуман мақсади ЕТТБ йиллик фаолиятини сарҳисоб қилиб, истиқболдаги режаларни белгилашга қаратилган. Шунингдек, тадбир доирасида Ўзбекистоннинг инвестициявий истиқболларига хизмат қилувчи турли учрашув ва бизнес-форумлар ўтказилмоқда, ҳамкорлик ҳужжатлари битилмоқда.
Хусусан, Ўзсаноатқурилишбанк ҳамда ЕТТБ ўртасида 25 млн. долларлик кредит келишув имзоланди. Шартномага кўра, ўзлаштириладиган кредит линиялар Ўзбекистонда кичик ва ўрта бизнес соҳасидаги лойиҳаларга йўналтирилиши, шу билан бирга, маблағларнинг бир қисми “яшил” лойиҳаларни молиялаштиришга жалб қилиниши кўзда тутилган.
Мазкур келишув банклар ўртасидаги фаол ҳамкорликнинг мантиқий давоми бўлди. Сўнгги йилларда улар ўртасида умумий қиймати 300 млн. доллардан зиёд 8 та келишув имзоланган бўлиб, улар орқали савдони молиялаштириш, кичик ва ўрта бизнес соҳаси ҳамда “яшил” ташаббуслар йўналишида 400 дан ортиқ лойиҳалар амалга оширилди.
Шунингдек, бугунги кунда томонлар “Яшил иқтисодиётни молиялаштириш” ва “Таваккалчиликни тақсимлаш” механизмлари бўйича ҳам самарали иш олиб бормоқда.
Бу, ўз навбатида, Ўзсаноатқурилишбанк томонидан кичик корхоналар учун кўрсатилаётган хизматлар кўламини кенгайтиришга, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик, шунингдек, ишлаб чиқариш ҳамда хизмат кўрсатиш билан шуғулланувчи корхоналарни молиялаштиришда кенг имкониятлар эшигини очади.
Бундан ташқари, ЕТТБ Халқаро молия корпорацияси билан биргаликда Банк тизимида трансформация жараёнларини амалга ошириш ҳамда уни хусусийлаштиришга тайёрлашда ҳам ҳар томонлама ёрдам бермоқда.
ЎзА